
Тошкентда халқаро спорт ташкилотлари иштирокида анжуманлар ўтказилмоқда
Пойтахтда Бутунжаҳон сузиш федерацияси, Осиё Олимпия Кенгаши ва Жаҳон антидопинг агентлигининг қатор анжуманлари бўлиб ўтмоқда.

24–27 январ кунлари Тошкент шаҳри бир вақтнинг ўзида жаҳон спорт тизими учун стратегик аҳамиятга эга бўлган учта йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда. Пойтахтда Бутунжаҳон сузиш федерацияси Бюро ижроия қўмитаси йиғилиши, Осиё Олимпия Кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси ҳамда Жаҳон антидопинг агентлигининг глобал форуми ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганини яққол намоён этмоқда.
Жаҳон спорт элитаси Тошкентда
Тадбирларда 45 та давлатдан 360 нафардан ортиқ юқори мартабали меҳмонлар иштирок этмоқда. Улар орасида Халқаро Олимпия Қўмитаси, нуфузли спорт федерациялари ва антидопинг ташкилотларининг раҳбарлари бор. Бу эса Тошкентнинг нафақат минтақавий, балки глобал спорт масалалари муҳокама қилинадиган ишончли майдонга айланганини кўрсатади.
Анжуманлар доирасида спорт бошқаруви, халқаро мусобақаларни ташкил этиш, допингга қарши курашни кучайтириш ва спорт соҳасида шаффофликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, спортни ривожлантиришда замонавий ёндашувлар ва халқаро стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Анжуманларнинг Ўзбекистон учун аҳамияти
Бу тадбирлар Ўзбекистон учун спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконини яратмоқда. Ёшлар спортини қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва кадрлар тайёрлаш борасида илғор тажрибаларни жорий этишга замин ҳозирланмоқда.
Муҳими, Ўзбекистон эндиликда фақат халқаро спорт жараёнларининг иштирокчиси эмас, балки Осиё ва жаҳон спорти ривожланиш стратегияси шаклланадиган, муҳим қарорлар қабул қилинадиган марказий ҳаб сифатида намоён бўлмоқда.





