
Ўтган йили Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш бўйича 178 та жиноий иш очилган
2025 йилда Умра зиёратини лицензиясиз фаолиятни амалга оширган 47 та, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган 15 та туристик ташкилотларга жарималар қўлланилган.

2025 йил давомида Ўзбекистонда Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан боғлиқ 178 та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган бир йил ичида Умра тадбирларини қонунга хилоф равишда амалга оширган ҳолатлар кескин кўпайган. Аниқланган қоидабузарликлар доирасида лицензиясиз фаолият юритган 47 та туристик ташкилот маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган 15 та туристик компанияга нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.
Қўмита маълумотида таъкидланишича, айрим ҳолатларда фуқароларни жалб этиш мақсадида ҳаққоний бўлмаган ва чалғитувчи реклама материалларидан фойдаланилган.
Шу билан бирга, қўмита «Сизни Ҳаж сафарига олиб борамиз» деб турли айланма йўллар орқали фуқароларимизни сарсон қилаётган фирибгарларнинг алдовига учиб қолмасликни сўрамоқда.
Аввалроқ, 27 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев: «Бундан ташқари, илгари фақат «кўча» деб кўрилган уюшган жиноятчилик бугун «бизнес ниқоби» остида даромадли соҳаларга кириб боряпти. Айниқса, жиноий тўдалар фаолияти кўп қаватли уйлар ва автомашиналар олди-сотдиси, молиявий пирамидалар ташкил қилиш, Ҳаж ва Умра зиёратига юборишда анча кўпайган», — деган эди.
Маълумот учун, 2026 йилдан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда «Ҳаж ва Умра ягона портали» ишга туширилган. Энди мамлакат фуқаролари Ҳаж зиёрати учун 1 февралдан, Умра зиёрати учун эса 1 майдан бошлаб мазкур портал орқали рўйхатдан ўтиши шарт ҳисобланади. Бу тартиб сафарларни шаффоф ва марказлашган ҳолда ташкил этишни назарда тутади.





