
669 минг сўмлик чегара: камбағалликни ўлчашдаги хиралашган манзара
Расмий статистикада камбағаллик пасайиб бораётгани қайд этилса-да, минимал истеъмол харажатларининг амалдаги даражаси реал яшаш харажатлари билан сезиларли тафовут юзага келтирмоқда.

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари ҳар йили 20 январга қадар янгиланиб эълон қилиниши керак. Бироқ бу талаб кетма-кет иккинчи йил кечикмоқда. 2024 йилда ҳам, 2025 йилда ҳам мазкур кўрсаткич белгиланган муддатда эълон қилинмади.
Маълумот учун, 2025 йилда минимал истеъмол харажатлари киши бошига 669 минг сўм (+3 фоиз) этиб белгиланган. 2024 йилда эса камбағаллик чегараси икки марта оширилди. Дастлаб йил бошида бу миқдор 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилган бўлса, 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши фонида у яна 4,3 фоизга — ойига 648 минг сўмгача кўтарилди. Йиллик ҳисобда кўрсаткич 7,7 фоизга ўсди.
Бу масала «Аввал иқтисод…» дастурида муҳокама қилинар экан, иқтисодчи Отабек Бакиров минимал истеъмол харажатлари нафақат статистик рақам, балки камбағалликни ўлчайдиган пуллик миқдор эканини таъкидлади. Ҳозирда бу кўрсаткич жон бошига 669 минг сўм этиб белгиланган. Амалда эса бу шундай маънони англатадики, агар бир кишининг ойлик даромади 670 минг сўмдан паст бўлмаса, у камбағал ҳисобланмайди.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача тушган, келгуси йил охирига бориб эса 4,5 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бироқ масалага чуқурроқ қаралса, савол туғилади: камбағаллик ҳақиқатан камайяптими ёки ўлчовнинг ўзи паст даражада ушлаб туриляптими?
Солиштириш учун, Қирғизистонда камбағаллик чегараси истеъмол саватчаси асосида ҳисобланади ва у бизнинг ҳисобда тахминан 1,2 миллион сўмга тенг. Яъни, даромади шу миқдордан паст бўлганлар камбағал деб эътироф этилади. Ўзбекистонда эса бу чегара деярли икки баробар паст.
Яна бир муҳим жиҳат — камбағаллик ўлчови бутун республика бўйича бир хил белгиланган. Бакировнинг фикрича, Тошкент шаҳри билан Бўзатов, Шуманай ёки Шерободдаги яшаш шароити, нархлар ва даромадлар даражаси кескин фарқ қилади. Давлат раҳбари ҳам селектор йиғилишида «Олмазорни Бўзатов билан солиштириб бўлмайди», дея таъкидлади. Шунинг учун ягона ўлчов реал манзарани акс эттира олмайди.
Иқтисодчига кўра, агар камбағаллик пул орқали ўлчанадиган бўлса, бу кўрсаткич камида инфляция даражасидан юқори суръатда индексация қилиниши лозим. Аксинча, сўнгги йилларда минимал истеъмол харажатлари инфляциядан паст даражада ошириб келинмоқда. Бу эса камбағаллик чегарасини сунъий равишда пастга туширади.
Шунингдек, минимал истеъмол харажатлари таркибида айрим муҳим мажбурий харажатлар ҳисобга олинмаган. Масалан, ер ва мол-мулк солиқлари сўнгги йилларда 25–30 фоизга индексация қилинган бўлса-да, солиқ харажатлари камбағаллик ўлчовига киритилмаган.
Энг муҳими, камбағаллик фақат даромад билан ўлчанмаслиги керак. Газлашмаган хонодонлар қиш фаслида кўмир ва ўтин учун катта маблағ сарфлайди. Бозор нархларида бир тонна сифатли кўмир 1,5–2 миллион сўм атрофида. Ичимлик суви масаласида ҳам катта тафовутлар мавжуд: айрим ҳудудларда аҳоли сувнинг бир тоннасини 15 минг сўмдан сотиб олишга мажбур.
Шу боис, иқтисодчи камбағалликни кўп ўлчовли тизим асосида баҳолашга ўтиш зарурлигини қайд этади. Энергия таъминоти, сув имконияти, иқлим омиллари ва мажбурий тўловлар каби кўрсаткичлар пул ўлчовига қўшимча тарзда инобатга олиниши лозим.
Фақат шунда камбағалликнинг ҳақиқий қиёфаси очилади, статистик «бўялган манзара» эмас, реал ҳолат кўринади. Бу эса қарорларни ҳам аниқроқ ва самаралироқ қабул қилиш имконини беради.





