add

Банкрот деб топилган инсон: унинг қарзидан бутунлай воз кечиладими?

Kecha 11:555 daqiqa

Ўзбекистонда 2022 йилдан жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин. Vaqt.uz бу қонун кимларга тааллуқли экани, унинг қандай ишлаши ва суд қарорисиз мол-мулк ундирилишига йўл қўйилмаслигини ўрганди.

Банкрот деб топилган инсон: унинг қарзидан бутунлай воз кечиладими?

Mарказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг умумий қарз юки 33 фоизга етган. Қарздорларнинг 61 фоизи эса кредит мажбуриятларини бажаришда қийинчиликка дуч келаётганини тан олган.

Шу билан бирга, келгуси 12 ойда кредит олишни режалаштираётганлар улуши камайган. Регулятор бу ҳолатни қарз юкининг ошиши ва кредитларга бўлган талабнинг пасайиши билан изоҳламоқда. Шунингдек, кредит олганларнинг 27 фоизида 2 ёки ундан кўп кредити бор. Аниқроғи, уларнинг 16 фоизида 2 тадан, 11 фоизида 3 ва ундан ортиқ кредит мавжуд.

Кредит олувчиларнинг ошиб бориши билан бир қаторда уни тўлолмай судма-суд сарсон бўлаётганлар ҳам талайгина. Бундай ҳолатларда тўловга қобилиятсиз бўлган фуқаролар қонунчиликка кўра БАНКРОТ деб топилиши мумкин.

Одатда, банкротлик деганда бирор корхона ёки катта ташкилотнинг касодга учраши тасаввур қилинади. Аммо оддий инсонлар — жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин. 

 

Жисмоний шахс банкротлиги: бу нима?

2022 йил 12 апрелда қабул қилинган «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун билан Ўзбекистонда жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш тартиби жорий этилди. Қонун қарздорларнинг — жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг қарзларини тўлаш ва банкротлик жараёнини тартибга солади.

Ушбу қонун банкротлик мақомини ўзгартиради, яъни «тўлай олмаслик» мақомидан «тўловга қобилиятсизлик» иборасига ўтилади. Энди «тўловга қобилиятсизлик» — бу қарздорнинг кредиторларнинг суд томонидан белгиланган пул мажбуриятлари бўйича талабларини тўлиқ қондириб бера олмаслиги ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз вазифаларини бажара олмаслигидир.

Илгари бундай механизм қонунчиликда мавжуд эмас эди. Қонунга кўра, тўловга қобилиятсизлик ҳолати суд томонидан кўриб чиқилади ва суд қарорисиз қарз ундирувини мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди. Ушбу қонун кучга кириши билан 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Банкротлик тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотди.

 

Қачон фуқаро банкрот деб топилади?

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жисмоний шахс айрим шартлар бажарилганда тўловга қобилиятсиз, яъни банкрот деб топилиши мумкин. Бу жараён фақат суд тартибида амалга оширилади.

Вақтинча тўловга қобилиятсизлик. Агар жисмоний шахс камида уч ой давомида кредит ёки бошқа пул мажбуриятларини бажармаган бўлса ва унинг қарз миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробарига тенг ёки ундан ортиқ бўлса, у вақттинча тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин. Бу ҳолатда фуқаро қарзларини вақтингча тўлай олмаётган деб баҳоланади ва суд орқали иш қўзғатилиши мумкин.

Доимий тўловга қобилиятсизлик. Бу судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йил бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, бундай вазиятда фуқаро қарзларини на ҳозир, на яқин истиқболда тўлаш имкониятига эга эмас, деб ҳисобланади.

 

Банкротлик бўйича кимлар мурожаат қилади?

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади. Тўловга қобилиятсизлик масаласини кўриб чиқиш учун судга нафақат фуқаронинг ўзи, балки банк ёки бошқа кредиторлар ҳам мурожаат қилиши мумкин. Агар молиявий муаммолар аломатлари аниқланса, айрим давлат органлари ҳам тегишли маълумотларни ваколатли идораларга тақдим этиши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати ва давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётган пайтда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади.

 

Суд ва ундирув қандай ўтади?

Суд аризани иш юритишга қабул қилган кундан бошлаб, одатда, 2 ойдан ошмаган муддатда қарор чиқариши керак. Айрим мураккаб ҳолатларда бу муддат бир ойгача узайтирилиши мумкин. Ушбу иш бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Суд қарзни қайта тузиш режасини тасдиқламагунча ёки фуқарони банкрот деб топиш ва мол-мулкини сотиш тартибини бошламагунича, гаровга қўйилган мол-мулкка ундирув қўйилмайди. Яъни суд қарорисиз фуқаронинг уйи, машинаси ёки бошқа гаровдаги мол-мулки тортиб олинмайди. Агар кейинчалик фуқаронинг молиявий аҳволи яхшиланса, қарз масаласини яна суд орқали қайта кўриб чиқиш мумкин.

Агар иш соддалаштирилган тартибда кўрилса ва қарздор билан бошқа келишув бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларини судга ариза берган томон қоплайди. Суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суд депозит ҳисобварағига энг кам иш ҳақининг етти баробари миқдорида пул олдиндан киритилади. Суд бошқарувчиси ҳар бир якунланган иши учун ҳақ олади.

 

Очиқ манбаларда расмий статистика йўқ

Қонун 2022 йилда кучга кирган бўлса-да, ҳозирча очиқ манбаларда нечта жисмоний шахс банкрот деб топилгани ёки нечта фуқаро судга мурожаат қилгани ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас. Шу сабабли бу тизим амалда қай даражада ишлаётгани ҳақида саволлар кўп.

Шу ўринда, Vaqt.uz Марказий банкдан 2025 йилда жисмоний шахслар банкротлиги бўйича қанча мурожаатлар келиб тушгани ва уларнинг нечтаси қаноатлантирилгани ҳақида маълумот сўради, аммо ушбу маълумотлар учинчи шахсга тақдим этилмаслиги маълум қилди.

 

Банкротлик — қарздан қутулиш, дегани эмас

Қонунга кўра, қарздорга давлат ёрдами кўрсатилган ҳолда судгача санация қилиш мумкин. Санация — бу қарздорга вақт бериш, уни дарҳол банкрот қилмасдан молиявий аҳволини тиклашга уринишдир. Бу жараён 12 ойдан 24 ойгача давом этиши мумкин. Агар бу вақт ичида қарздорнинг аҳволи яхшиланмаса, санатсия бекор қилинади ва иш судда давом эттирилади. Тўловга қобилиятсизлик бўйича чиқарилган барча суд ҳужжатлари дарҳол бажарилиши шарт.

Энг муҳим жиҳат шундаки, банкрот деб топилиш қарзлар автоматик равишда ўчирилади, дегани эмас. Банкротлик — бу қарзларни қайтармаслик эмас, балки уларни суд белгилаган тартибда қайтариш жараёнидир. Суд қарзларни бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатларни узайтириш ёки мол-мулкни сотиш орқали қарзни ёпиш тартибини белгилаши мумкин. Яъни банкротлик қарздан қочиш эмас, балки молиявий муаммоларни қонуний йўл билан ҳал қилиш усули ҳисобланади. 

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 40

Barchasi

Mavzuga oid