add

АҚШ қирувчи самолёти Эрон дронини уриб туширди

Kecha 10:551 daqiqa

АҚШ ҳарбийлари Эронга тегишли дрон авиаташувчи кемага хавфли даражада яқинлашганини маълум қилди.

АҚШ қирувчи самолёти Эрон дронини уриб туширди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари 3 феврал куни Араб денгизида Эронга тегишли «Shahed» русумли дронни йўқ қилди. Ҳодиса дроннинг АҚШ авиаташувчи кемасига тажовузкор тарзда яқинлашиши ортидан содир бўлган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, дрон АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига тегишли «Abraham Linkoln» авиаташувчи кемасига номаълум мақсадда ҳаракатланган. Ҳужумнинг олдини олиш учун кемадан ҳавога кўтарилган F-35C қирувчи самолёти жалб этилган ва у нишонни йўқ қилиш орқали кема ҳамда шахсий таркиб хавфсизлигини таъминлаган.

Кема Эрон ҳудудидан 800 km узоқликда бўлган

Маълум қилинишича, воқеа пайтида авиаташувчи кема Эрон қирғоқларидан тахминан 500 мил, яъни 800 километрдан ортиқ масофада бўлган. Ҳодиса натижасида АҚШ ҳарбий техникасига зарар етмаган, шахсий таркиб орасида жабрланганлар йўқ.

Бу воқеа Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги сиёсий-ҳарбий таранглик юқори бўлиб турган бир пайтда содир бўлди. АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар натижа бермаса, ҳарбий чоралар кўрилиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Шу билан бирга, у аввало дипломатик йўл устувор эканини билдириб келмоқда.

Оқ уй матбуот котиби Каролайн Левиттнинг айтишича, Эрон билан режалаштирилган музокаралар белгиланган муддатда ўтказилиши керак. Шу билан бирга, Эрон расмийлари ҳозирча дрон уриб туширилгани бўйича аниқ муносабат билдиргани йўқ.

Teglar

Mavzuga oid