add

Дмитрий Медведев КХДР иқтисодиётини Россияга намуна сифатида кўрсатди

Kecha 22:382 daqiqa

Россиянинг собиқ президенти санкциялар остида қолган КХДР иқтисодий мобилизацияси ва мудофаа салоҳиятини «ўрнак» деб атади.

Дмитрий Медведев КХДР иқтисодиётини Россияга намуна сифатида кўрсатди

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Корея Халқ Демократик Республикаси иқтисодий моделини Россия учун ўрнак сифатида баҳолади. У ТАСС, «Reuters» ва «Wargonzo»га берган интервьюсида КХДР чекланган ресурслар ва қаттиқ халқаро блокада шароитида ҳам мудофаа саноатини барпо этишга эришганини таъкидлади.

Медведевга кўра, Пёнгянг қисқа муддатда иқтисодий имкониятларни самарали сафарбар қилиш механизмини яратган. Ушбу ёндашув миллий хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан аҳамиятли экани айтилди. Россия расмийси бундай тажриба «ҳурматга лойиқ» эканини алоҳида урғулади.

Унинг сўзларига кўра, КХДР иқтисодиёти санкциялар ва ташқи босимга қарамасдан ишлаб чиқаришни ҳарбий эҳтиёжларга йўналтира олган.

 

Рақамлар ва реал ҳолат

Бироқ очиқ маълумотлар КХДР иқтисодий аҳволи жуда ночор эканини кўрсатади. Мамлакатнинг реал ялпи ички маҳсулоти тахминан 26,7 млрд долларга баҳоланади. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ эса 1,1 минг доллар атрофида. Бу Жанубий Корея кўрсаткичларининг атиги 3–4 фоизини ташкил этади.

КХДР тарихида оғир ижтимоий-иқтисодий инқирозлар ҳам бўлган. 1990-йиллар охиридаги очарчилик турли баҳоларга кўра 3 млн нафаргача инсон ҳаётига зомин бўлган. 2020–2023 йилларда пандемия ва ёпиқ чегаралар фонида мамлакат яна озиқ-овқат танқислигига дуч келган.

 

Ўсиш ва қаттиқ назорат

Сўнгги йилларда иқтисодий кўрсаткичларда маълум тикланиш кузатилди. Жанубий Корея Марказий банки баҳолашича, 2023–2024 йилларда КХДР иқтисодиёти мос равишда 3,1 ва 3,7 фоизга ўсган. Бу 2016 йилдан бери энг юқори суръатлар ҳисобланади.

Таҳлилчилар бу ўсишни Россия билан савдо ва ҳарбий-саноат ҳамкорлигининг фаоллашуви билан боғламоқда. Бироқ иқтисодий барқарорлик фонида инсон ҳуқуқлари соҳасида вазият кескинлашмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси ҳисоботига кўра, мамлакатда қатағонлар, мажбурий меҳнат ва ўлим жазоси қўлланилиши кенгайган. Комиссар Волкер Турк вазият янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Teglar

Mavzuga oid