add

Банк депозитлари фоизи 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди (инфографика)

Kecha 22:403 daqiqa

Ўзбекистонда жами муддатли депозитларнинг ўртача фоиз ставкаси 18,4 фоизгача пасайди. Бу 2022 йилдан бери энг паст кўрсаткич. Аҳоли депозитлари ҳам 2023 йилги даражага тушиб кетди. Депозитлар бўйича сўнгги йиллардаги вазият билан Vaqt.uz инфографикасида танишинг:

Банк депозитлари фоизи 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди (инфографика)

2025 йил сўнггида Ўзбекистон банкларидаги жами муддатли депозитларнинг ўртача фоиз ставкаси 18,4 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда

18,4 фоизлик кўрсаткич жами депозитлар учун 2022 йилнинг мартидан бери энг паст даража ҳисобланади. 

Ўртача аҳоли депозитлари эса декабрь ойида 20,6 фоизгача пасайиб, 2023 йилнинг мартидан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.

Infografika

Юридик шахслар (бизнес) учун депозитлар 16,4 фоизлигича қолди. Бироқ, бу кўрсаткич бир неча ойдан бери пасайиб келмоқда. 

Депозитлар пасайишига 2025 йил бошида банклардаги аҳоли омонатлари бўйича максимал фоиз ставка пасайгани асосий сабаб бўлди. 

Дастлаб йил бошида Марказий банк топшириғи билан банклардаги омонатларнинг максимал фоиз ставкаси 27 фоиздан 26 фоизга пасайтирилди.

Бу ҳолат феврал ойида содир бўлган бўлса, шу билан чекловлар тўхтаб қолмади. Апрел ойидан бошлаб омонатларнинг максимал фоиз ставкаси 23 фоизгача чекланди. 

Ўшанда Bankers.uz нашрининг банклардаги манбалари омонат ставкаларининг барча банкларда синхрон равишда пасайтирилиши Марказий банк томонидан банкларга берилган «кўрсатма» эканини айтганди

Омонатлар реал кўринишда ўсмоқда, бироқ кредитлар ҳам

Аҳоли омонатларининг реал фоиз ставкаси 2025 йилда 1,5 фоизга кўтарилиб, 8,2 фоизгача ўсди. Бу мамлакатда инфляция ва инфляцион кутилмалар рекорд даражада пасайгани билан боғлиқ. 

Реал фоиз ставка — бу номинал фоиз ставкадан инфляцион кутилмалар даражаси айрилгандан кейин шаклланадиган, фоиз даромадининг ҳақиқий самарадорлигини акс эттирувчи кўрсаткич. 

Шунга қарамай, йил давомида аҳолига ажратилган кредитларнинг реал фоиз ставкаси ҳам 1,4 фоизга кўтарилиб, узоқ вақтдан бери биринчи марта 10,1 фоизни ташкил қилди. 

Бу омонатлар жозибадор бўлиб бораётган бўлсада, кредитлар ҳам улар билан деярли бир хил ўсаётганини кўрсатади. 

2026 йилда омонат очиш фойдали бўладими? 

Жорий йилда ҳам Ўзбекистонда инфляция кўрсаткичи пасайиб боради. Ҳукумат идоралари йил охирида инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини (ҳозирда 7,3 фоиз) кутмоқда. 

Бу омонат очишга қўшимча чекловлар бўлмаган тақдирда, омонатларнинг реал фоиз ставкаси 2026 йилда ҳам ўсишда давом этишини билдиради. 

Фоизлар ҳозиргига яқин сақланиб қолса, инфляция ва инфляцион кутилмалар пасайиши реал фоиз ставкаси ўсишга ёрдам беради. 2027–2028 йилларда инфляция 5 фоизгача тушиши кутилмоқда. 

Яхши ривожланмаган фонд бозори, кўчмас мулк бозоридаги мўътадиллик фонида омонат очиш тўғри инвестицион қарор бўлиши мумкин. 

Масалан, 2025 йилда Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жой нархлари 8 фоизга ошди. Бу кўрсаткич омонатлар бўйича даромаддан анча паст.

Бундан ташқари, омонатларнинг кафолатли экани ҳам уларга инвесторларни жалб қилади. Қонунчиликка кўра, банкларда 200 млн сўмгача омонатлар давлат томонидан кафолатланади. 

Бу ҳар бир банкка нисбатан алоҳида қўлланилади. Шу тариқа омонатчилар бир нечта банкка пул қўйиш орқали кафолат миқдорини ошириш имкониятига эга. 

Омонатларга муқобил бўлиши мумкин бўлган сармоя восияти — олтиннинг нархи 2026 йилда ўсишда давом этиши кутилмоқда. Инвесторлар учун бу ҳам жозибадор вариантлардан бири сифатида қаралмоқда. 

Олтинга Ўзбекистонда қандай қилиб сармоя қилиш ҳақида бу ердан ўқиш мумкин

Олтин қисқа муддатдан кўра, узоқроқ муддат учун ишончли сармоя воситаси ҳисобланади.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 48

Barchasi

Mavzuga oid