add

Онлайн иш ниқоби остидаги яна бир молиявий пирамида фош этилди

Kecha 20:102 daqiqa

«Киберхавфсизлик маркази» ҳузуридаги UZCERT хизмати ижтимоий тармоқларда тарғиб қилинган «ML_Share» лойиҳаси ортида фирибгарлик схемаси борлигини аниқлади.

Онлайн иш ниқоби остидаги яна бир молиявий пирамида фош этилди

«Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонаси ҳузуридаги UZCERT хизмати томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарғиб қилинаётган «ML_Share» номли лойиҳа молиявий фирибгарлик, яъни классик молиявий пирамида экани аниқланди.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа фирибгарлар томонидан «онлайн иш», «қўшимча даромад», «расмий бандлик» каби жозибадор ваъдалар орқали фуқароларни жалб қилиш мақсадида тарғиб қилинмоқда. Дастлаб лойиҳа “стажор” даража сифатида тақдим этилиб, тўловсиз иштирок этиш, кунига 5 та топшириқ бажариб ҳар бири учун 1 360 сўмдан (кунига 6 800 сўм) даромад олиш ва 4 кунлик синов муддати ваъда қилинади, бу эса фуқароларда ишонч уйғотиш мақсадида қўлланилади.

Лойиҳага қўшилгач, иштирокчиларга J1 каби пуллик даражалар таклиф этилиб, масалан 285 600 сўм тўлов эвазига кунига 5 та топшириқ бажариб ҳар бири учун 1 904 сўмдан (кунига 9 520 сўм) даромад олиш, 30 кунда киритилган пулни қайтариш ва узоқ муддатда катта фойда топиш мумкинлиги айтилади.

Ёки лойиҳада J3 каби юқори пуллик даражалар таклиф этилиб, масалан 11 220 000 сўм тўлов эвазига ҳар бир топшириқ учун 4 800 сўмдан кунига 124 800 сўм, 30 кунда ҳамда 360 кунда жуда катта даромад олиш мумкинлиги кўрсатилиб, фуқаролар йирик миқдорда маблағ киритишга ундалади.

UZCERT текширувлари шуни кўрсатдики, ушбу лойиҳа ҳеч қандай реал иқтисодий фаолиятга эга эмас. Иштирокчиларга тўланадиган даромадлар янги жалб қилинган фуқароларнинг пуллари ҳисобидан шакллантирилади. Бу эса унинг молиявий пирамида эканини тасдиқлайди.

Мутахассислар фирибгарлар ўзларини «расмий иш берувчи» сифатида кўрсатиб, қўшимча бонуслар ва имтиёзларни ваъда қилиш орқали янада кўпроқ фуқароларни жалб этишга уринаётганини қайд этмоқда. Фуқаролардан шубҳали лойиҳаларга пул ўтказмаслик, уларнинг ҳуқуқий мақомини олдиндан текшириш ва бундай ҳолатларга дуч келганда ваколатли идораларга мурожаат қилиш сўралмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар! Ижтимоий тармоқлардаги тез бойиш, кафолатланган даромад, олдиндан тўлов эвазига иш каби таклифларга ишонманг; Шубҳали лойиҳаларга пул киритишдан олдин уларнинг ҳуқуқий мақомини текширинг; Бундай ҳолатларга дуч келсангиз, ваколатли ташкилотларга мурожаат қилинг; Ҳеч бир қонуний лойиҳа кафолатланган юқори даромадни олдиндан ваъда қилмайди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам онлайн иш ваъда қилиб, фуқаролардан миллионлаб пул ундирган фирибгарлар фош этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid