
Тошкентда пулли парковкалар учун резидентлик рухсатномаси онлайн олиш мумкин
Пойтахт аҳолиси уйи яқинидаги пулли автотураргоҳлардан фойдаланиш учун резидентлик рухсатномасини бепул онлайн расмийлаштириши мумкин.

Тошкент шаҳри аҳолиси пулли йўл бўйи автотураргоҳларидан фойдаланиш учун резидентлик рухсатномасини онлайн тарзда олиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали маълум қилди.
Маълумотга кўра, резидентлик рухсатномаси my.gov.uz портали орқали расмийлаштирилади. Бунинг учун фуқаролар порталдан «Poytaxt Parking» резидентлик рухсатномасини олиш хизматини танлаб, сўралган маълумотларни тўлдирган ҳолда электрон ариза юбориши керак.
Ариза тасдиқланганидан сўнг рухсатнома фаоллаштирилади ва ундан дарҳол фойдаланиш мумкин бўлади. Рухсатнома 1 йил муддатга амал қилади. Бир хонадон манзили бўйича эса кўпи билан 2 та резидентлик рухсатномаси расмийлаштириш мумкин.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2025 йил декабр ойида пулли парковкалар учун резидентлик рухсатномаларининг нархи белгиланган. Унга мувофиқ, кундузи соат 8:00 дан 20:00 гача бўлган вақтда тўхташ жойидан фойдаланиш учун резидентлик рухсатномаси йилига БҲМнинг 1 баравари, яъни 412 минг сўм этиб белгиланган. Тунги вақтда, соат 20:00 дан 8:00 гача эса автотураргоҳлардан фойдаланиш бепул ҳисобланади.
Йўл бўйи пулли автотураргоҳлар лойиҳаси 2025 йил 8 май куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбони, Миробод, Шаҳрисабз, Истиқбол ва Зарафшон каби 6 та синов кўчасида ишга туширилган. Кейинги босқичларда пойтахтнинг яна 30 та кўчасида пулли автотураргоҳлар жорий этилиши, июль ойи охиригача эса 86 та кўчада жами 13 208 та тўхташ жойи ишга туширилиши режалаштирилган.





