
«Лайк» учун содир этилган ҳуқуқбузарликлар жавобгарликка сабаб бўлади
Ижтимоий тармоқларда обрў орттириш, «лайк» тўплаш мақсадида қилинган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, ҳақорат қилиш ва уятли сўзлар билан сўкиш каби майда безорилик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Мазкур ҳолатлар жамиятда салбий муҳитни кучайтиряпти. Шу муносабат билан бундай хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жарима қўллаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур нормалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасида белгиланиши кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида муҳокама қилинган.
Қонун ташаббусида ижтимоий тармоқларда қонун-қоидаларни менсимаслик, жамоат тартибини бузиш ёки ҳуқуқбузарликни оммалаштиришга қаратилган ҳаракатларни тарғиб қилиш алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши мумкинлиги қайд этилган. Шу орқали бундай контент тарқалишининг олдини олиш мақсад қилинмоқда.
Шу билан бирга, телекоммуникация ва интернет тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини бузувчи бошқа ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилган. Бу каби ҳолатлар сўз эркинлигидан суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланган. Бироқ ҳозирча «лайк» тўплаш мақсадида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун аниқ қандай жазо чоралари қўлланилиши очиқланмаган.





