
Тижорат банкларининг ахборот тизимига киберҳужум бўлмаган — Марказий банк
Марказий банк тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига нисбатан киберҳужум содир этилмаганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 3 феврал куни хакерлар томонидан киберҳужум амалга оширилгани ва натижада 15 миллион Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотлари интернетга сиздирилгани ҳақида турли хабарлар тарқалди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтга қадар мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига нисбатан бундай киберҳужум содир этилгани тасдиқланмаган. Ахборот тизимлари режали тарзда мониторинг қилинаётгани ва вазият тўлиқ назорат остида экани таъкидланди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролардан қуйидагиларга қатъий амал қилиш сўралди:
Номаълум ва шубҳали манбаларда тарқатилаётган ҳаволаларга кирмаслик;
Шахсий маълумотлар (банк карта реквизитлари, СМС-кодлар, пароллар)ни ҳеч кимга бермаслик;
Фақат расмий манбалар орқали эълон қилинадиган ахборотларга ишониш;
Шубҳали ҳолатларга дуч келганда тегишли ваколатли органларга мурожаат қилиш.
Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирлиги ҳам ўз тасарруфидаги барча ахборот тизимларининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланганлиги ва ташқи кириш имконияти йўқлигини расман маълум қилган эди.
Шахсий маълумотлар ўғирланиши
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ҳукумат тизимларидан камида 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари ўғирлангани ва «Dark Web»га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумотларга кўра, сиздирилган базада фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи маълумотлар ва бошқа шахсий ахборотлар бўлиши мумкин.
Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасуловнинг Vaqt.uzʼга маълум қилишича, ҳакерлар census.stat.uz сайтидан маълумотларни олиб чиқиб кетолмаган.
«Бизнинг базада аҳоли вакилларининг расмлари кўринмайди. Сўровномада ҳам ҳеч кимдан фотосурат талаб қилинмаган. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳеч қандай маълумотлар статистика қўмитасининг платформасидан олиб чиқилмаган. Бу бўйича тўлиқ расмий муносабатни яқин орада эълон қиламиз», — деди Усмон Абдурасулов.





