
Ўзбекистон Россиядан мигрантлар ҳуқуқларига амал қилишни талаб қилди
Ўзбекистон расмийлари Россиядаги миграция рейдлари пайтида фуқаролар ҳуқуқлари қонун бузилишидан қатъи назар таъминланиши шартлигини билдирди.

Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи расмий даражада муҳокама қилинди. Энг муҳими, миграция рейдлари вақтида инсон қадр-қимматига тажовуз қилинмаслиги принципиал талаб сифатида илгари сурилди.
26 январ куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди. Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, мулоқот марказида Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқларига риоя этиш масалалари турди.
Миграция рейдларидаги ҳуқуқ бузилиши
Учрашувда Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган пайтда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари таъминланиши шарт эканини алоҳида таъкидлади. Бу талаб миграция қонунчилигига риоя қилаётган фуқаролар билан бир қаторда, қоидабузарликка йўл қўйган шахсларга ҳам тааллуқли экани қайд этилди.
«Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг — ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг — ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади», — дейилади расмий хабарда.
Қонуний меҳнат фаолияти масаласи
Томонлар Россияда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай ва шаффоф шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини тасдиқлади. Шунингдек, миграция жараёнларини тартибга солишда прагматик ва ўзаро ҳурматга асосланган ёндашувни сақлаб қолишга келишиб олинди.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликни кучайтириш, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ҳамда икки томонлама учрашувларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.





