
Тоғ-кон ва очиқ конлар саноати ҳажми 77 трлн сўмга етди
Ўзбекистонда 2025 йил якунларига кўра, саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми ва корхоналар сонида сезиларли ўсиш кузатилди.

2025 йилда Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш ҳажмлари юқори суръатларда шаклланди. Миллий статистика қўмитасига кўра, саноат ишлаб чиқариши таркибида энг катта улуш ишлаб чиқариш саноати ҳиссасига тўғри келиб, унинг ҳажми 947,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу умумий саноат ишлаб чиқаришининг 86 фоизига тенг.
Саноат тармоқлари кесимида
Саноат тармоқлари бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, ишлаб чиқариш саноатидан кейин иккинчи йирик сегмент тоғ-кон ва очиқ конларни ишлаш соҳаси ҳисобланади. Ушбу тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 77 трлн сўмга етди ва умумий саноат таркибида 7 фоиз улушни эгаллади. Электр энергияси, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида эса ишлаб чиқариш 70,8 трлн сўмни ташкил этиб, 6,4 фоиз улушга тўғри келди.
Энг кичик улуш сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш соҳаси ҳиссасига тўғри келиб, бу йўналишда ишлаб чиқариш ҳажми 6,1 трлн сўмни, яъни 0,6 фоизни ташкил этди.
Аввалроқ 2025 йил якунларига кўра, мамлакатда жами 1,1 квадриллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани маълум қилинган эди.
Корхоналар сони ва тармоқлар тақсимоти
2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 59,8 мингта саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Энг кўп корхоналар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келиб, бу йўналишда 11,9 мингта корхона қайд этилган.
Иккинчи ўринда бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаси бўлиб, унда 8,3 мингта корхона фаолият олиб бормоқда. Кийим-кечак ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 6 мингтани ташкил этган.





