
Тунги хизмат учун ходимларга қўшимча ҳақ белгиланди
Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига базавий ҳисоблашнинг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланиши белгиланди.

Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий этилаётган янги тизим доирасида ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг тунги хизмати қўшимча рағбатлантирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 январ куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида маълум қилди.
Аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида судлар, адвокатура ҳамда суд-тиббий экспертиза тизимида марказлашган тунги навбатчиликни ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш топширилди. Бу фуқаролар мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Формали ходимга қилинган мурожаат «102» хизматига қўнғироқ қилинганга тенг
Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дронлар ёрдамида патруллик кузатувини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу орқали жамоат тартибини бузиш ҳолатларини тезкор аниқлаш ва олдини олиш самарадорлиги оширилади.
Чилонзор тумани мисолида янги ёндашувлар амалиётга жорий этилади. Унга кўра, туман ички ишлар ходимлари ўз соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, ҳар қандай фуқаро мурожаатини қабул қилади. Кўчада формали ходимга қилинган мурожаат автоматик равишда «102» хизматига қўнғироқ қилинганга тенг ҳисобланади.
Тумандаги барча 55 та маҳаллада профилактика инспекторларининг хизмат хоналари тезкор алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Инспектор қаерда бўлишидан қатъи назар, аҳоли унинг хизмат телефони ёки планшети орқали тун-у кун боғлана олади.
Терговга қадар текширув гуруҳлари ташкил қилинади
Шунингдек, профилактика инспекторлари учун замонавий ва аҳолига маъқул форма ишлаб чиқилади. Инспекторлар фаолияти тўлиқ рақамлаштирилиб, «овозли тушунтириш хати» олиш амалиёти йўлга қўйилади. Туман ички ишлар тергов бўлимларида эса материалларни кўриб чиқувчи терговга қадар текширув гуруҳлари ташкил этилади.
KPI белгилашда протоколлар сони асосий мезон бўлмайди
Янги тизимда профилактика инспекторларига KPI белгилашда протоколлар сони асосий мезон бўлмайди. Шу билан бирга, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунни амалда ишлайдиган янги таҳрирда ишлаб чиқиш ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни профилактикага йўналтирилган ҳолда янгилаш муҳим экани таъкидланди.





