add

Еврокомиссиядан огоҳлантириш: 4 йилда суперкомпютерлар барча паролларни бузади

26.01.2026 | 08:182 daqiqa

Европа Иттифоқида квант технологиялар ривожи рақамли хавфсизликни хавф остига қўйди ва ҳозирги пароллар тез орада маъносизга айланиши мумкин.

Еврокомиссиядан огоҳлантириш: 4 йилда суперкомпютерлар барча паролларни бузади

Европа Иттифоқи ҳозирги шифрлаш ва парол ҳимояси тизимлари яқин йилларда самарасини йўқотиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг технологик суверенитет ва маълумотлар хавфсизлиги бўйича комиссари Ҳенна Вирккунен Европа парламенти депутати Мориc Кернерга йўллаган расмий мактубида маълум қилди, деб ёзади «Bild» нашри. Мактубда таъкидланишича, янги авлод суперкомпютерлари ва квант ҳисоблаш тизимлари пайдо бўлиши билан давлатлар ва ҳакерлар мавжуд криптографик ҳимояни бузиш имкониятига эга бўлади.

Еврокомиссиянинг баҳолашига кўра, асосий хавф очиқ калитли шифрлаш тизимларига тааллуқли. Бу тизимлар ҳозир электрон почта, банк операциялари, давлат маълумотлар базалари ва махфий мулоқотларни ҳимоя қилишда қўлланилади. Квант компютерлари эса ушбу ҳимояни ҳисоблаш қуввати орқали қисқа вақт ичида четлаб ўтиши мумкин. Махсус ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги хавфсизлик архитектурасига тахминан тўрт йилдан камроқ вақт қолган.

Мутахассислар бу хавфни рақамли иқтисодиёт ва давлат бошқаруви учун тизимли хатар сифатида баҳоламоқда. Чунки ҳимоя заифлашса, фуқароларнинг шахсий маълумотлари, молиявий реквизитлар ва давлат сирлари бир вақтнинг ўзида очиқ ҳолатга тушиб қолиши мумкин.

 

Постквант ечимлар

Европа Иттифоқи мутахассислари ягона самарали ечим сифатида постквант криптографияни кўрсатмоқда. Бу янги шифрлаш усуллари квант компютерлари ҳисоблаш қувватига бардошли бўлиши лозим. Еврокомиссия тайёрлаган йўл харитасига кўра, 2030 йилгача энергетика, банк, мудофаа ва давлат ахборот тизимлари босқичма-босқич янги криптографик стандартларга ўтказилиши тавсия этилган.

Шу билан бирга, ушбу қарорларни амалга ошириш ҳар бир аъзо давлат ихтиёрида қолиши қайд этилмоқда. Бу эса рақамли хавфсизлик даражасида Европа ичида номутаносиблик юзага келиши мумкинлигини англатади. Экспертлар бу жараённи кечиктириш хавфни янада оширишини таъкидламоқда.

 

Рақамли хавф сигнали

Европарламент депутати Мориc Кернер ушбу вазиятни «Европа учун рақамли хавф сигнали» деб атади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир қўлланилаётган шифрлаш усуллари келажак таҳдидларидан ҳимоя қила олмайди.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, рақамли ҳимояда ҳар бир кечиккан кун стратегик йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу боис, Европа учун бу масала технология эмас, балки иқтисодий ва сиёсий барқарорлик масаласига айланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid