
Европа Иттифоқи 2027 йилдан Россия газини тўлиқ тақиқлайди
Европа Иттифоқи Кенгаши 2027 йил 1 январдан суюлтирилган табиий газ, 30 сентябрдан эса қувур орқали Россия газини импорт қилишни тўхтатиш режасини маъқуллади.

Европа Иттифоқи Кенгаши 2027 йил 1 январдан бошлаб Россиядан суюлтирилган табиий газ етказиб беришни тўлиқ тақиқлаш режасини маъқуллади. ЕИга қувур орқали Россия гази етказиб бериш эса 2027 йил 30 сентябрдан бошлаб тақиқланади.
«Ушбу регламент «REPowerEU» дастури доирасида Европа Иттифоқининг Россия энергетикасига боғлиқлигини тугатиш мақсадига эришиш йўлидаги муҳим босқич ҳисобланади», — дейилади Еврокенгаш матбуот хизмати баёнотида.
«Reuters»нинг ёзишича, ҳужжат бугун, 26 январ куни бўлиб ўтган вазирлар даражасидаги учрашувда келишиб олинган. Бу икки давлат Россиядан энергетика импортига ҳали ҳам кучли даражада боғлиқ бўлиб қолмоқда ва Москва билан яқин алоқаларни сақлаб қолишни истайди.
Бу қарорга Словакия ва Венгрия қарши чиққан.
Режа лойиҳаси 2025 йил декабрь ойи бошида тақдим этилган эди. Ҳужжатга кўра, агар бирор давлат қиш мавсуми олдидан Россияга алоқадор бўлмаган газ ҳисобидан омборларини тўлдиришда қийинчиликка дуч келса, ушбу муддат энг кечи билан 2027 йил 1 ноябргача сурилиши мумкин.
2022 йилгача Россия Европа Иттифоқи истеъмол қиладиган газнинг 40 фоизидан ортиғини етказиб берган. ЕИнинг энг сўнгги мавжуд маълумотларига кўра, 2025 йилга келиб бу улуш тахминан 13 фоизга тушган.
Шунга қарамай, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари ҳали ҳам нефть, қувур орқали етказиладиган газ ва суюлтирилган табиий газ учун Москвага тўловларни амалга оширмоқда. Бу эса Украинага кўмак бериш ва Россиянинг уруш иқтисодиётини молиялаштиришни чеклашга қаратилган саъй-ҳаракатларга зид келмоқда.
Қонун янги газ битимларини тақиқлайди
Ўтган ойда Европа Иттифоқига энг кўп газ импорт қилувчи бешта давлат Россия энергетикаси учун жами 1,4 миллиард евро сарфлаган. Нодавлат «Energy and Clean Air» тадқиқот маркази маълумотларига кўра, ушбу маблағнинг асосий қисми газ ва суюлтирилган табиий газ ҳиссасига тўғри келган. Энг йирик харидор Венгрия бўлган, ундан кейин Франция ва Бельгия жой олган.
Европа Иттифоқи 2022 йилда Россиядан денгиз орқали етказиб бериладиган нефтга санкциялар жорий этган, бироқ газ импортига нисбатан ҳеч қачон санкциялар таклиф этмаган. Чунки бундай қарор қабул қилиниши учун ЕИга аъзо 27 давлатнинг барчасининг якдил розилиги талаб қилинади.
Европа Иттифоқининг янги қонунига кўра, компанияларга Россия гази бўйича янги шартномалар тузиш тақиқланади. Амалдаги шартномаларга эга компаниялар эса тақиққа риоя қилиш учун уларни бекор қилишга мажбур бўлади.
Мавжуд шартномаларга келсак, 2025 йил 17 июнга қадар имзоланган қисқа муддатли битимлар бўйича импорт 2026 йил 25 апрелдан суюлтирилган табиий газ учун, 17 июндан қувур гази учун тақиқланади. Узоқ муддатли шартномалар эса белгиланган якуний муддатларга қадар босқичма-босқич тугатилиши лозим.
Қонун талабларига риоя қилинмаслиги компаниялар учун жаҳон бўйлаб йиллик умумий айланманинг 3,5 фоизигача миқдорда молиявий жарималарга сабаб бўлиши мумкин.
Европа комиссияси, шунингдек, яқин ойларда Россиядан қувур орқали келадиган нефтдан воз кечиш ва мамлакатларни Россия ядровий ёқилғисига боғлиқликдан чиқариш бўйича қонунчилик таклифларини ҳам киритишни режалаштирмоқда.





