
2025 йилда асосий капиталга йўналтирилган хорижий инвестициялар 33,5 млрд долларга етди
Хорижий инвестициялар асосий капиталга киритилган жами маблағнинг 71,4 фоизини ташкил қилди.

2025 йил январ–декабр ойларида Ўзбекистонда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 591,1 трлн сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга кўп бўлиб, мамлакатда инвестиция фаоллиги барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, инвестицияларнинг ортиши янги ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий объектлар ҳамда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш суръатларининг жадаллашгани билан боғлиқ. Давлат ва хусусий сектор иштирокидаги йирик лойиҳалар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳисобот даврида янги асосий фондларни яратишга йўналтирилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 33,5 млрд АҚШ долларини, ёки 422,1 трлн сўмни ташкил этди. Бу умумий асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг тахминан 71,4 фоизига тенг бўлиб, ташқи молия манбалари иқтисодиёт учун муҳим ўрин тутаётганини англатади.
Ажратилган маблағларнинг тақсимоти
Иқтисодий фаолият турлари бўйича асосий капиталга хорижий инвестиция ва кредитлар тақсимоти қуйидагича:
Ишлаб чиқариш саноати — 33,2 фоиз;
Электр, газ билан таъминлаш — 17,1 фоиз;
Тоғ-кон саноати — 11,9 фоиз;
Қишлоқ хўжалиги — 9,2 фоиз;
Қурилиш — 6,1 фоиз;
Ташиш ва сақлаш — 5,3 фоиз;
Сув билан таъминлаш ва канализация — 2,1 фоиз;
Соғлиқни сақлаш — 1,7 фоиз;
Ахборот ва алоқа — 1,5 фоиз;
Бошқа фаолият турлари — 11,9 фоиз.





