add

«Google Photos»да сунъий интеллект орқали мемлар яратиш мумкин бўлади

26.01.2026 | 14:152 daqiqa

Янги функция орқали фойдаланувчилар ўзи ёки дўстларининг суратларини машҳур интернет ҳазилларига автоматик жойлаштира олади.

«Google Photos»да сунъий интеллект орқали мемлар яратиш мумкин бўлади

«Google» компанияси «Google Photos» сервисида сунъий интеллект ёрдамида мемлар яратиш имконини берувчи янги восита устида иш олиб бормоқда. Лойиҳа фойдаланувчиларга тайёр шaблонни танлаб, сурат юклаш орқали уни автоматик равишда интернет мем форматига мослаштириш имконини тақдим этади.

Янги функция ҳақида

Қайд этилишича, ушбу функция «Google Photos»нинг 7.51.0 версияси кодида аниқланган. Ҳозирча имконият оддий фойдаланувчилар учун очиқ эмас, бироқ унинг ишлаш механизми ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Тизим нейротармоқ асосида ишлаб, юкланган фотосуратдаги юз хусусиятларини таҳлил қилади ва уларни танланган мем шaблонига мос ҳолда жойлаштиради.

Янги функция илк босқичда «Me Meme» номи билан юритилмоқда, аммо кейинчалик уни «Me Meme» деб ўзгартириш режалаштирилган. Фойдаланиш жараёни содда: керакли шaблон танланади, шахсий ёки таниш инсоннинг сурати юкланади ва сунъий интеллект юзнинг асосий белгиларини аниқлаб, тайёр тасвирни шакллантиради.

Тайёр мемни дарҳол гуруҳ чатларига юбориш ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилиш имкони ҳам кўзда тутилган. Бу эса фотосервисни нафақат хотиралар сақланадиган платформа, балки кўнгилочар контент яратиш воситасига айлантиришни мақсад қилган.

Шу билан бирга, функция тўлиқ ишлаши учун техник талаблар мавжуд. Асосий шарт — сурат «Google»нинг булутли хотирасига синхронланган бўлиши керак, чунки қайта ишлаш жараёни компания серверларида амалга оширилади. Тизим аниқ, яхши ёритилган ва ортиқча объектларсиз олинган селфилардан фойдаланишни тавсия қилади. Хира ёки кам ёритилган кадрлар натижанинг сифатини пасайтириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Google» барча фойдаланувчилар учун «Gmail» платформасида сунъий интеллектга асосланган янги функцияларни жорий этганини маълум қилганди. Унга кўра, электрон почтада хатлар оддий хронологик тартибда эмас, балки фойдаланувчи учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган мавзулар бўйича қисқача сунъий интеллект хулосалари билан тақдим этилади.

Teglar

Mavzuga oid