add

Қайси мамлакатлар аҳолиси энг узоқ умр кўради?

Kecha 16:152 daqiqa

Дунё мамлакатларида ўртача умр давомийлиги ўртасида катта фарқ сақланиб қолмоқда. Марказий Осиёда эса ўсиш тенденцияси кузатилган.

Қайси мамлакатлар аҳолиси энг узоқ умр кўради?

Жаҳон статистик маълумотларига кўра, аҳолининг ўртача умр давомийлиги энг юқори бўлган давлатлар орасида кичик ҳудудлар ва ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга мамлакатлар етакчилик қилмоқда.

Аҳолиси узоқ умр кўрадиган давлатлар

Рейтингда биринчи ўринда Монако бўлиб, бу ерда аҳолининг ўртача умр давомийлиги 86,5 ёшни ташкил этади. Ундан кейин Сан-Марино (85,82 ёш) ва Ҳонконг (85,63 ёш) жой олган. Осиёда эса Япония (84,85 ёш) ва Жанубий Корея (84,43 ёш) юқори кўрсаткичлар билан ажралиб туради.

Марказий Осиёда умр давомийлиги

Марказий Осиё давлатларида ўртача умр давомийлиги глобал етакчиларга нисбатан пастроқ бўлса-да, барқарор ўсиш қайд этилмоқда. Ҳудудда энг юқори кўрсаткич Қозоғистонга тўғри келиб, у 74,5 ёш атрофида баҳоланмоқда. Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 73 ёш атрофида, Тожикистонда 72 ёшни ташкил этади. Қирғизистонда ўртача умр 72 ёш атрофида, Туркманистонда эса 70–71 ёш бўлиб қолмоқда.

Энг паст кўрсаткичга эга мамлакатлар

Дунёда аҳолининг ўртача умр кўриш ёши энг паст бўлган мамлакатлар асосан Африка қитъасида жойлашган. Улар қаторида Лесото (57,80 ёш), Жанубий Судан (57,74 ёш) ва Марказий Африка Республикаси (57,67 ёш) бор. Энг паст кўрсаткичлар эса Чад (55,24 ёш) ҳамда Нигерия (54,63 ёш)да қайд этилган.

Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йиллар мобайнида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги сезиларли ошган. 1991 йилда бу кўрсаткич 66,4 ёш бўлган бўлса, 2000 йилга келиб 70,8 ёшга етган. 2010 йилда 73 ёш, 2015 йилда 73,6 ёш даражасида қайд этилган. 2020 йилда озгина пасайиш кузатилган бўлса-да, 2024 йилга келиб ўртача умр давомийлиги 75,1 ёшга етди.

Teglar

Mavzuga oid