
ЕИ ва Ҳиндистон тарихий савдо келишувига эришди
АҚШ билан савдо низолари фонида Евроиттифоқ ва Ҳиндистон ўртасида тузилган келишув деярли барча товарлар бўйича божларни бекор қилиш ёки пасайтиришни назарда тутади. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мазкур шартномани «барча келишувларнинг онаси» деб атади.

Бугун, 27 январ куни Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйеннинг Ню Деҳлига ташрифи давомида Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон АҚШ билан савдо низолари кучайган бир пайтда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кенг қамровли савдо келишувини тузиш бўйича келишиб олди.
Томонлар маълум қилишича, келишув икки томонлама савдода товарларнинг 96 фоизидан ортиғи учун божларни бекор қилиш ёки пасайтиришни назарда тутади.
Евроиттифоқда 2032 йилга бориб Европа товарларининг Ҳиндистонга экспорти икки баравар ошиши, компаниялар эса ҳар йили божхона тўловлари ҳисобидан 4 млрд еврогача маблағни тежай олиши кутилмоқда. Келишувдан, айниқса, Германиянинг Volkswagen, Mercedes-Benz ва BMW автоконцернлари катта фойда кўриши тахмин қилинмоқда. Ҳиндистон автомобиллар импортига жорий қилинган божларни ҳозирги 110 фоиздан босқичма-босқич 10 фоизгача туширишга рози бўлган.
Божларни камайтириш ва янги бозорлар
Алкогол маҳсулотлари учун ҳам сезиларли енгилликлар назарда тутилган: вино учун божлар дарҳол 150 фоиздан 75 фоизгача туширилади, кейинчалик эса босқичма-босқич 20 фоизгача камайтирилади. Шунингдек, машина ва ускуналар, электроника, кимё маҳсулотлари, темир ва пўлат учун ҳам тарифлар қисқартирилади.
«Бугун Европа ва Ҳиндистон тарих яратмоқда», — деди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен.
Унинг таъкидлашича, тахминан 2 миллиард аҳолини қамраб олувчи эркин савдо ҳудуди шаклланмоқда.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бу келишувни «барча келишувларнинг онаси» деб атади ва у 1,4 миллиард ҳиндистонлик ва миллионлаб европаликлар учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
Кучга кириши ва сиёсий контекст
Германия Савдо-саноат палатасининг ташқи савдо бўйича директори Фолькер Трайернинг баҳолашича, ушбу келишув Ҳиндистон бозорига чиқмоқчи бўлган компаниялар учун «чин маънода game changer» – яъни қоидаларни тубдан ўзгартирувчи омилга айланади.
«Reuters» агентлигининг қайд этишича, келишув расман кучга киришидан олдин матнлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади, бу жараён беш-олти ой давом этиши мумкин. Шартномани амалга ошириш эса бир йил ичида кутилмоқда. 2025 йил март ойида якунланган молиявий йилда Евроиттифоқ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми 136,5 млрд долларга етган.
Келишув глобал савдо тизими қайта шаклланаётган бир пайтда имзоланди. Евроиттифоқ ва Ҳиндистон АҚШ президенти Доналд Трамп ҳамкорларга босимни кучайтириб, божлар жорий этгани ва шундай таҳдидлар қилганидан сўнг иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга интилмоқда. Илгари Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги савдо келишуви бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган эди.
Келишувнинг Ҳиндистон ва Евроиттифоқ учун аҳамияти
Евроиттифоқ ва Ҳиндистон ўртасидаги музокаралар 2022 йилда тўққиз йиллик танаффусдан сўнг қайта бошланди ва АҚШ айрим ҳинд товарларига 50 фоизлик бож жорий этганидан кейин янада жадаллашди.
Савдо бўйича эксперт Ажай Шриваставанинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ билан тузилган келишув Ҳиндистон учун муҳим компенсация механизмига айланиб, айниқса меҳнат талаб этувчи тармоқларда Америка чораларининг салбий таъсирини юмшатишга ёрдам беради.
Евроиттифоқ учун эса бу қисқа вақт ичидаги иккинчи йирик савдо ютуғи: бундан олдин Брюссель Лотин Америкаси давлатлари бирлашмаси – «Mercosur» билан музокараларни якунлаган, сўнгги йилларда эса Индонезия, Мексика ва Швейцария билан ҳам келишувлар имзолаган. Ҳиндистон эса, ўз навбатида, Буюк Британия, Янги Зеландия ва Уммон билан савдо алоқаларини кенгайтирган.





