add

Жаҳон банки Марказий Осиё энергетикасига 143,2 млн доллар ажратади

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига ажратиладиган маблағ орқали электр энергияси савдоси, узатиш қувватлари ва тоза энергия интеграциясини кенгайтириш мақсад қилинган.

Жаҳон банки Марказий Осиё энергетикасига 143,2 млн доллар ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга жами 143,2 миллион доллар миқдорида грант ва имтиёзли кредитлар ажратишни тасдиқлади. Маблағлар Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимларини интеграция қилишга қаратилган «REMIT» дастури доирасида йўналтирилади.

Дастур мақсади

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши томонидан маъқулланган ушбу дастур 10 йил давомида амалга оширилади ва уч босқичдан иборат. Дастурнинг асосий мақсади минтақада энергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида барқарор ва самарали электр энергияси алмашинувини таъминлашдан иборат.

«REMIT» доирасида Марказий Осиёда илк бор минтақавий электр энергияси бозорини яратиш режалаштирилган. Бу электр энергияси савдосини ривожлантириш, узатиш тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини миллий энергия тизимларига кенг миқёсда интеграция қилиш учун институционал ва техник асос яратишни назарда тутади.

Дастурнинг биринчи босқичида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 143,2 миллион доллар ажратилади. Унинг 140 миллион доллари Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси ресурслари ҳисобидан, 3,2 миллион доллари эса Марказий Осиё сув ва энергетика дастури грантлари сифатида тақдим этилади.

Кутилаётган натижа

Келгуси ўн йил ичида «REMIT» электр энергияси савдоси ҳажмини йилига камида 15 минг гигаватт-соатгача оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, электр узатиш қувватлари 16 гигаваттгача кенгайиб, минтақада 9 гигаваттгача тоза энергия қувватларини интеграция қилиш имкони яратилади. Бу энергетика барқарорлигини кучайтириш, узилишларни камайтириш ва аҳоли ҳамда бизнес учун энергия нархларини пасайтиришга замин яратади.

Ўзбекистонга аввал ажратилган маблағлар

Жаҳон банки Ўзбекистонга 2025 йилнинг декабр ойида бир қатор дастурлар доирасида йирик маблағлар ажратган эди. Жумладан, Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши мамлакатга 250 млн доллар кредит ажратишни маъқуллаганди. Шунингдек, банк Ўзбекистоннинг 16 та туман ва шаҳрида аҳоли ҳамда бизнес учун муниципал инфратузилма ҳамда хизматларни ривожлантиришга 250 миллион доллар йўналтирганди. Бундан ташқари, Жаҳон банки мамлакатда микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 105 млн долларлик молиялаштиришни маъқуллаган.

Mavzuga oid