
Махсус хизматлар Россиянинг «Украина сценарийси»дан огоҳлантирди. Латвия — янги нишонми?
Москва ўзини нафақат Украина фронтида, балки бутун Ғарб билан мафкуравий тўқнашувда деб ҳисобламоқда.

Латвия Давлат хавфсизлик хизмати Россия томонидан хавф-хатарлар кучайиб бораётганидан огоҳлантириб, Москва билан боғлиқ бўлган таҳдидлар Европа хавфсизлиги учун тобора жиддий тус олаётганини таъкидлади.
Идоранинг 26 январ куни тақдим этилган 2025 йилги йиллик ҳисоботида келтирилишича, ҳозирги вақтда Россия Латвия учун тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдид уйғотаётгани йўқ. Бироқ бир қатор омиллар, жумладан, Россия ташвиқоти ва ушбу мамлакатга нисбатан риторика Москванинг эҳтимолий узоқ муддатли режалари борлигидан далолат бериши мумкин.
Эскалация хавфи
Махсус хизмат таҳлилларига кўра, сўнгги йилларда Россиянинг Ғарбни ўз мавжудлигига таҳдид сифатида қабул қилиши сезиларли даражада кучайган. Қайд этилишича, Москва ўзини Ғарб билан нафақат Украинадаги уруш туфайли, балки глобал ва мафкуравий жиҳатдан ҳам тўғридан-тўғри қарама-қаршиликда деб ҳисобламоқда.
Латвия хавфсизлик хизмати фикрича, бундай қараш Россия томонидан вазиятни нотўғри баҳолаш хавфини оширади ва умуман Европа хавфсизлиги учун таҳдидларнинг кескин кўпайишига олиб келади. Идора мутахассислари бу каби динамика вазиятни башорат қилиб бўлмас даражага келтириб, эскалацияга сабаб бўлувчи кўнгилсиз ҳодисалар эҳтимолини кучайтираётганини таъкидламоқда.
Қўпорувчилик, киберҳужумлар ва дезинформация
Махсус хизмат маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия Ғарб мамлакатларига қарши фаолиятини, жумладан, қўпорувчилик операциялари ва дезинформация кампанияларини давом эттирган. Шунингдек, ҳисоботда Москванинг Латвия ва бошқа Ғарб давлатларидаги саноат бошқарув тизимларига киберҳужумлар уюштиришга тайёрлиги ва бунга қодирлиги намоён бўлгани айтилади. Бундай ҳаракатлардан кўзланган мақсад жамиятда ишончсизлик ва беқарорлик муҳитини яратиш, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида Ғарб ҳамжиҳатлигига путур етказишдан иборат.
Украинанинг яқин ҳамкори
Шарқда Россия ва унинг иттифоқчиси Беларус билан чегарадош бўлган Латвия, қарийб тўрт йилдан буён Россия ҳарбий тажовузини қайтариб келаётган Украинанинг яқин ҳамкори ва фаол тарафдори саналади.
«Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, Россиянинг Латвияга бўлган муносабати уруш бошланишидан олдин Украинага бўлган муносабатини тобора кўпроқ эслатмоқда», — дейилади хавфсизлик хизмати ҳисоботида. Идора хулосасига кўра, Латвияга нисбатан бундай салбий ёндашув узоқ муддатли истиқболда, гарчи ҳозирда Москва учун устувор вазифа бўлмаса-да, янада тажовузкор қарорлар қабул қилинишига олиб келиши мумкин.





