
Долларга ишонч пасаймоқда: ХВЖ активлар шок-сценарийсини кўриб чиқмоқда
ХВЖ доллар активлари кескин сотувга учраши мумкин бўлган сценарийларни баҳоламоқда. Доллар улуши жаҳон валюталари захирасида узоқ муддатли пасайиш трендида. Агар 2001 йилда бу кўрсаткич 72 фоиз бўлган бўлса, ҳозир у 57 фоиздан пастга тушган.

Халқаро валюта тизимида кескин ўзгаришлар эҳтимоли тобора жиддий баҳоланмоқда. Халқаро валюта жамғармаси бош директори Кристалина Георгиева ХВЖ долларда номиналланган активлар бўйича тезкор сотувлар юзага келиши мумкин бўлган сценарийларни моделлаштираётганини маълум қилди, деб ёзмоқда «Euractiv».
Георгиеванинг таъкидлашича, жамғарма молия бозорларида «тасаввур қилиб бўлмас» ҳолатлар юз берганда қандай чора кўриш мумкинлигини олдиндан баҳолаш қобилиятини кучайтирмоқда.
«Фондда биз «ақл бовар қилмас» воқеалар сценарийларни фаразан моделлаштириш ва сўнгра уни бартараф қилиш учун қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқиш қобилиятини ривожлантирмоқдамиз», — деди Георгиева ХВЖ доллар активлари атрофидаги эҳтимолий саросима ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Бу ёндашув ХВЖнинг глобал молиявий барқарорликни таъминлашдаги анъанавий ролини янада кенгайтириб, фавқулодда хавфларга тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган.
Бозордаги хавотирлар
ХВЖ баёнотлари АҚШ атрофидаги иқтисодий ва сиёсий ноаниқликлар кучайган бир пайтда янгради. Айниқса, савдо тарифларининг кенгайиши ва Федерал захира тизими мустақиллигига нисбатан танқидлар инвесторларни безовта қилмоқда. Доналд Трамп 2025 йил январда Оқ уйга қайтганидан сўнг доллар курсининг пасайиши тезлашди.
Маълумотларга кўра, доллар асосий валюталар саватига нисбатан 9 фоиздан ортиқ арзонлашди, евро қаршида эса йўқотишлар 12 фоизга яқинлашди. Бу жараён долларга «хавфсиз актив» сифатидаги ишончни заифлаштириб, инвесторларни олтинга йўналтирди. Олтин нархи 1 троя унция учун 5100 долларгача кўтарилиб, тарихий рекордни янгилади.
Европа учун сигнал
ХВЖ маълумотларига кўра, доллар улуши жаҳон валюталари захирасида узоқ муддатли пасайиш трендида. Агар 2001 йилда бу кўрсаткич 72 фоиз бўлган бўлса, ҳозир у 57 фоиздан пастга тушган. Қўшимча босимни BRICS давлатларининг долларлашувдан қутилишга қаратилган ташаббуслари ҳам кучайтирмоқда.
Георгиева Европа Иттифоқига қўшма қарз мажбуриятларини фаолроқ чиқаришни тавсия қилди. Унинг фикрича, бу инвесторлар учун АҚШ ғазначилик облигациялари ва олтинга муқобил бўлган «европача хавфсиз актив»ни яратади. Шу билан бирга, у долларнинг жаҳон резерв валютаси сифатидаги мақоми яқин келажакда тубдан ўзгариши эҳтимоли пастлигини ҳам тан олди.





