add

Мирзиёев: «Терговда сон эмас, сифат бўлиши керак»

Президент Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси йилига 200 дан ортиқ терговчи тайёрлаётганлигига қарамай, пойтахтда ички ишларда 100 та терговчи лавозими уч ойдан буён вакант эканлиги, бу юклама ҳам бошқа ходимларга тушгани учун сифат йўқолиб бораётганини танқид қилди.

Мирзиёев: «Терговда сон эмас, сифат бўлиши керак»© Фото: t.me/Press_Secretary_Uz

Президент 27 январ куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказаётган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳри тергов тизимидаги муаммолар ҳақида гапирди.

Хусусан, тергов кадрларини тайёрлаш учун Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилган бўлиб, унда ҳар йили 200 нафардан ортиқ терговчи тайёрланмоқда. Шу билан бирга, пойтахтда ички ишлар органларида 100 та терговчи лавозими уч ойдан бери бўш қолмоқда. Бу ҳолат амалдаги ходимларга ортиқча юклама тушишига, натижада тергов сифати пасайишига олиб келаётгани қайд этилди.

«2025 йил судда 422 та шахс оқлангани судьяларни мустақил қарор қабул қилаётганидан далолат. Бу, албатта, яхши! Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Шунча шахснинг ноқонуний айбланганига ким жавоб беради? Терговда сон эмас, сифат бўлиши керак. Шу боис, илғор хорижий тажриба асосида тергов идораларининг фаолиятини такомиллаштириш зарур», — деди Президент.

Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларидаги терговчилар ўз хизмат вазифаларини ҳудудий раҳбарлардан мустақил равишда амалга ошириши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мутасаддиларга тергов органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, иш ҳажмига мос штатлар шакллантириш ҳамда тегишли қарор ва қонун лойиҳалари пакетини киритиш топширилди.

Адлия тизими кучайтирилади

Йиғилишда давлат бошқарувида очиқлик сиёсати самара бераётгани, бироқ бу жараён ҳуқуқ-тартибот тизимига секин кириб келаётгани ҳам танқид қилинди.

Бу идораларнинг ёпиқ ҳолатда ишлаши уларни ўзига ҳам, жамоатчиликка ҳам фойда келтирмаслиги, соҳада ўзгариш, ривожланиш бўлмаслиги таъкидланди.

Бутун дунёда ҳуқуқ-тартибот фаолияти ва қонунийликни таъминлашга жавоб берадиган адлия тизими эскича ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Энди адлия тизимини ҳам кучайтириш зарурлиги ҳақида айтилди.

Бу борада биринчи қадам сифатида Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини «ҳуқуқий аудит»дан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, адлия органларининг аниқ роли, янги вазифа ва ваколатлари белгиланади.

«Биз Тошкент шаҳрида жиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим қиляпмиз. Шу боис, пойтахтга республикадан бириктирилган масъуллар туманга тушганда мажлисбозлик билан шуғулланмасдан, аҳоли муаммоларини эшитиши, юқоридаги масалалар бўйича янги тажрибалар қилиб, натижа кўрсатиши шарт», — деди Мирзиёев йиғилиш якунида.

Teglar

Mavzuga oid