
Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи янги рекордга чиқди
Ички бозорда олтин қиймати жаҳон конюнктураси таъсирида ўсишда давом этиб, қуймалар нархи яна юқорилади.

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи яна рекорд кўрсаткични қайд этди. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 27 январ ҳолатига бир грамм олтиннинг нархи 2 млн 37 минг 400 сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ички қимматбаҳо металлар бозорида сўнгги ойларда кузатилаётган барқарор ўсишни тасдиқламоқда.
Қуйма олтин нархлари
Марказий банк белгилаган расмий нархларга мувофиқ, 27 январ куни олтин қуймалари қуйидаги қийматларда сотилди:
5 грамм — 10 млн 187 минг сўм;
10 грамм — 20 млн 373 минг сўм;
20 грамм — 40 млн 746 минг сўм;
50 грамм — 101 млн 866 минг сўм;
100 грамм — 203 млн 732 минг сўм.
Олтин қуймалари нархи сўнгги ҳафталарда кетма-кет тарихий чегараларни босиб ўтмоқда. Хусусан, 2026 йил 12 январ куни 5 граммли қуйма илк бор 9 миллион сўмдан ошган эди. 26 январ куни эса ушбу қуйманинг нархи биринчи марта 10 миллион сўмдан юқори кўрсаткичга чиқиб, янги рекорд ўрнатди.
Қайтариб олиш нархлари
Шу билан бирга, Марказий банк 5 январдан бошлаб олтин қуймаларини қайта сотиб олиш нархларини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйган. 27 январ кунида қайта сотиб олиш қийматлари қуйманинг қадоғи бутун ёки бузилган бўлиши, шунингдек техник талабларга мослигига қараб алоҳида белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон бозорида эса 26 январ куни олтин нархи илк бор бир унция учун 5 минг доллар чегарасидан ошди. Қимматбаҳо металл 2025 йил давомида 60 фоиздан ортиқ қимматлаб, сўнгги ўн йилликдаги энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Мутахассислар бу жараённи глобал беқарорлик ва инвесторлар хавфдан қочиш стратегияси билан изоҳламоқда.





