add

Ўзбекистонга гўшт етиштириш суръати секинлашди. Бу нархларга ҳам таъсир қиляпти

26.01.2026 | 18:282 daqiqa

Йил давомида мамлакатда 2,99 млн тонна (+1,5 фоиз) гўшт етиштирилди. Бироқ, бу етарли бўлмаяпти — мол гўшти 23,9 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, қўй гўшти 26,9 фоизга қимматлади. Талаб кўплиги сабаб гўшт импорти сезиларли ошган

Ўзбекистонга гўшт етиштириш суръати секинлашди. Бу нархларга ҳам таъсир қиляпти

2025 йил давомида Ўзбекистонда 2 млн 988 минг тонна гўшт етиштирилди. Бу аввалги йилга нисбатан атига 1,5 фоизга кўпроқ бўлди. Ўсиш суръати сўнгги йиллардаги энг паст даражага тушди. 

Мамлакатдаги гўштнинг асосий қисми деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳисобига тўғри келади — 2,4 млн тонна. Бироқ, бу ерда гўшт етиштириш йил давомида 1,9 фоизга камайиб кетган. 

Бироқ, қишлоқ хўжалиги ва фермер хўжаликларида гўшт тайёрлаш мос равишда 19,5 фоиз ва 19,2 фоизга кўпайди. 

Гўшт етиштириш суръати 1,5 фоизгача секинлашган бўлса, сўнгги 5 йилда бу кўрсаткич 2 фоиздан пастга тушмаган эди. Ҳаттоки, пандемия даврида ҳам мамлакатда гўшт тайёрлаш 2,1 фоизга кўпайган. 

1

Инфографика

Бундан ташқари, 2025 йилда 12,6 млн тонна (+1,2 фоиз) сут, 9,5 млн дона (+7 фоиз) тухум ва 206 минг тонна (+3,4 фоиз) балиқ маҳсулоти тайёрланган. 

Ҳудудлар кесимида энг кўп гўштни қуйидаги вилоятлар етиштирмоқда: 

  • Қашқадарё — 347 минг тонна;

  • Самарқанд — 333 минг тонна;

  • Жиззах — 245 минг тонна.

Гўшт импорти сезиларли ўсмоқда

Аҳолининг гўштга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистон хориждан гўшт олиб келишни ҳам сезиларли кўпайтирган. 

2025 йилда 868,9 млн долларлик гўшт импорт қилинган бўлса, бу 2024 йилга нисбатан 70 фоизга кўпроқ бўлган. Импорт қилинган гўштнинг тўртдан уч қисми мол гўшти. Ўз навбатида, гўш экспорти қарийб 70 фоизга пасайиб, атига 16,6 млн долларни ташкил қилган. 

Нархлар ҳам кўтариляпти

Импорт ошиб, экспорт кескин пасайганини гўштга бўлган талаб ошаётгани билан изоҳлаш мумкин. 2025 йил давомида мол гўшти 23,9 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, қўй гўшти 26,9 фоизга қимматлаган. 

Марказий банк томонидан ўтказилган сўровларда ҳам, ўзбекистонликлар гўшт қимматлаётганини қайд этган. 2025 йил давомида нархида юқори ўсиш кузатилган маҳсулотлар орасида гўшт деярли ҳар ой биринчи ўринда турди. 

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 48

Barchasi

Mavzuga oid