add

Пойтахт бош солиқчиси ишдан олинди. Туман раҳбарларининг барчаси в.б. сифатида ишлайди

Шавкат Мирзиёев Солиқ қўмитаси раисига Тошкент шаҳри бош солиқчисини ишдан олиш, пойтахтдаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйишни топширди.

Пойтахт бош солиқчиси ишдан олинди. Туман раҳбарларининг барчаси в.б. сифатида ишлайди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 январ куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказаётган видеоселектор йиғилишида Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатовга Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйишни топширди. 

Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Й.Насимжоновни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди. 

Қўмита раиси Пўлатов ва қўмитага тайинланган комплаенс бўйича янги ўринбосар А.Солиевга коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш, Тошкент шаҳри солиқ раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиб, уларнинг ўрнини ватанпарвар, янгиликка интилиб ишлайдиган шижоатли ёшлар билан тўлдириш вазифаси қўйилди. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ғаниев қўштирноқ остидаги “тадбиркор”ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани учун уни бугуннинг ўзида ишдан олиш топширилди. 

А.Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимига комплаенс бўйича ўринбосар этиб тайинланган М.Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши муросасиз муҳит яратишга масъул бўлиши белгиланди.

Мазкур йиғилишда Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайгани, ўтган йилда мазкур солиқни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинганди. Шунингдек, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва Мирзо Улуғбек тумани бош солиқчиси Дилшод Усмонов ишдан олингани ҳақида хабар берилган эди.

Teglar

Mavzuga oid