
Қашқадарёда сув танқислигига ечим сифатида сунъий музликлар барпо этилди
Сунъий музликлар орқали совуқ мавсумда сувни муз шаклида сақлаб, баҳор ва ёз ойларида аста-секин эритиш орқали суғориш ва хўжалик эҳтиёжларига йўналтириш кўзда тутилган.

Қашқадарё вилоятида сув танқислигига қарши амалий ва инновацион ечим сифатида сунъий музликлар барпо этилди. Лойиҳа қиш фаслида сувни муз ҳолатида сақлаб, уни баҳор ва ёз ойларида аста-секин эритиш орқали суғориш ҳамда хўжалик эҳтиёжларига йўналтиришни назарда тутади. Ҳозирда Шаҳрисабз туманининг Сарчашма маҳалласида тўртта сунъий музлик устуни барпо этилган. Бу ҳақда Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Лойиҳа тафсилотлари
Сунъий музликлар «FAO»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» доирасида молиялаштирилган.

Ҳар бир музлик устуни қиш ойларида 450 куб метргача сувни йиғиш имконига эга. Йиғилган сув муз шаклида сақланиб, ҳаво исиши билан аста-секин эриб, баҳор ва ёз ойларида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда маиший эҳтиёжлар учун фойдаланилади.
Мазкур технология энергия талаб қилмаслиги, экологик хавфсизлиги ва маҳаллий табиий шароитга мослиги билан ажралиб туради. Мутахассислар бу усул тоғли ҳудудларда сув захирасини сақлашнинг самарали модели эканини қайд этмоқда.

Келгусида сунъий музликлар қуриш тажрибасини Ўзбекистоннинг бошқа тоғли ва сув танқис ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилган. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё сувининг 85 фоизи суғоришга сарфланаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.





