add

Россияда онлайн казиноларни қонунийлаштириш таклиф этилди

Kecha 16:352 daqiqa

Бу орқали Россия ҳукумати уруш харажатларини қоплаш ва давлат бюджетини тўлдиришни режалаштирмоқда.

Россияда онлайн казиноларни қонунийлаштириш таклиф этилди

Россия Молия вазири Антон Силуанов Путинга онлайн казино фаолиятини қонунийлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Коммерсант» нашри ҳужжат билан таниш бўлган манбаларга таяниб, хабар берди.

Ташаббусга кўра, махсус оператор ташкил этилиб, у онлайн-казино фаолиятидан олинадиган тушумнинг камида 30 фоизини давлат бюджетига ўтказиши керак бўлади. Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, ушбу чора йилига тахминан 100 млрд рубл қўшимча бюджет даромадини таъминлаши мумкин.

Айни пайтда Россияда онлайн-казинолар тақиқланган. Интернет орқали қимор ўйинларини фақат букмекерлик конторалари ва тотализаторлар қонуний равишда ташкил этиши мумкин. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда қонуний букмекерлик бозори ҳажми 1,7 трлн рублга етган. Шу билан бирга, ноқонуний онлайн-казинолар айланмаси йилига 3 трлн рублдан ортиқ деб баҳоланмоқда.

Таклиф этилаётган модел

Таклиф этилаётган моделга мувофиқ, онлайн-казинолар учун ягона оператор президент қарори билан, ҳукумат таклифи асосида белгиланади. Ставкаларни қабул қилиш букмекерлар каби Ягона ставкаларни ҳисобга олиш маркази орқали амалга оширилади. Солиқ базаси эса тўланган ютуқлар чиқариб ташланганидан кейинги тушум ҳисобидан шакллантирилади.

Онлайн-казинолардан солиқ ундириш ва бозорни назорат қилиш ППК «Ягона қимор ўйинлари регулятори» орқали амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, иштирокчилар учун ёш чеклови жорий қилиниб, фойдаланувчилар камида 21 ёшда бўлиши шарт қилиб белгиланади. Экспертлар онлайн казинони қонунийлаштириш лудомания (жиннилик) хавфини кучайтириши мумкинлигини таъкидлаб, қатъий давлат назорати зарурлигини билдирди.

Россияда бюджет тақчиллиги

Ушбу ташаббус Украинадаги уруш билан боғлиқ харажатлар кескин ошган шароитда илгари сурилмоқда. Бюджет тўғрисидаги қонунга мувофиқ, 2026 йилда бюджет режадаги 40,28 триллион рубл даромадга чиқиш учун қўшимча равишда 3,2 триллион рубл солиқ йиғиши керак.

Мазкур сумманинг 1,2 триллион рублини Россия ҳукумати қўшилган қиймат солиғини 22 фоизгача ошириш орқали йиғишни режалаштирмоқда. Бу Россия учун 1992 йилдан бери энг юқори ҚҚС ставкаси ҳисобланади. Яна 200 миллиард рубл бюджетга кичик бизнес учун мўлжалланган кескин солиқ ислоҳоти орқали келиб тушиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб техника ва электроника маҳсулотларига «технологик йиғим» жорий этилади, ундан ҳукумат уч йил давомида қўшимча 200 миллиард рубл даромад олишни кўзда тутган.

Молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, навбатдаги солиқ ошириш чоралари 2025 йилда режадагидан беш баробар ошиб, 5,7 триллион рублни ташкил этган бюджет тақчиллигини қисқартиришга хизмат қилиши керак. Жорий йилда эса давлат хазинасидаги «туйнук» 3,8 триллион рублгача, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 1,6 фоизигача камайиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid