add

Россияда туғилиш қисқариши фонида гўдаклар учун товарлар савдоси ҳам пасайди

26.01.2026 | 16:352 daqiqa

Россияда туғилиш пасайиши ортидан болалар озиқ-овқати савдоси кескин қисқарди, нархлар эса тез ўсиб, ота-оналарни иккинчи қўл бозорига ўтишга мажбур қилмоқда.

Россияда туғилиш қисқариши фонида гўдаклар учун товарлар савдоси ҳам пасайди

2025 йил якунларига кўра, Россияда болалар товарлари бозорида талаб пасайиши қайд этилди. «Коммерсант» нашрининг «ОФД платформаси» маълумотларига таяниб ёзишича, гўдаклар учун озиқ-овқат, аравачалар, ўйинчоқлар ва кийим-кечак маҳсулотлари сотуви йил давомида 8 фоизга камайган. Шу билан бирга, умумий бозор айланмаси номинал ҳисобда 15 фоизга ўсиб, 2 трлн рублдан ошган.

Энг катта пасайиш болалар озиқ-овқати сегментида кузатилди. 2025 йилнинг иккинчи ярмида ушбу тоифадаги талаб йиллик ҳисобда 12 фоизга қисқарган. Айни пайтда нархлар ҳам кескин ошган: болалар озиқ-овқати ўртача 44 фоизга қимматлашди. T-Pay сервиси ҳам худди шу динамикани тасдиқлаб, ўртача чек 241 рублга етганини қайд этган.

Қимматлашиш бошқа сегментларда ҳам кузатилмоқда. Болалар аравачалари нархи 28 фоизга ўсиб, 21,8 минг рублга чиққан, ўйинчоқлар эса 17 фоизга қимматлаб, 741 рублни ташкил этган. Болалар кийими ва пойабзалида ҳам иккинчи ярим йилликда икки хонали пасайиш қайд этилган.

Мутахассислар бозордаги ҳолатни демографик омиллар билан боғламоқда. «Росстат» маълумотларига кўра, туғилишнинг йиғинди коэффициенти 2025 йил охирига келиб 1,374 даражага тушиб кетган. Бу сўнгги ўн йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. 2015 йилда қайд этилган 1,762 лик максимум билан солиштирганда пасайиш 22 фоизни ташкил этади.

Шу шароитда истеъмолчилар хулқ-атвори ҳам ўзгармоқда. Платформалар маълумотига кўра, «Авито» орқали болалар товарларининг 66 фоизи иккинчи қўл бозорида сотиб олинмоқда. Ресейл формати ота-оналар учун энг оммабоп вариантга айланиб, бозордаги асосий тенденция сифатида шаклланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid