add

Тошкент вилоятида контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддаларни сотмоқчи бўлган наркосавдогарлар фош этилди

26.01.2026 | 12:202 daqiqa

Чиноз ва Бекобод туманларида ўтказилган тезкор тадбирларда харидорга наркотик моддаларини сотаётган наркосавдогарлар қўлга олинди.

Тошкент вилоятида контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддаларни сотмоқчи бўлган наркосавдогарлар фош этилди

Тошкент вилоятининг 2 та туманида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида мамлакатимизда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.

Тадбирлар давомида, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс шартли харидорга 200 г «гашиш» моддасини 50 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, наркосавдогар ушбу пул маблағидан 6,9 млн сўмини 1989 йилда туғилган ҳамшаҳарига берган вақтида у ҳам ушланиб, унинг ёнидан 500 г «гашиш» моддаси топилган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Бекобод тумани ҳудудида «Cobalt» русумли автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахснинг ёнидан 600 г «опий» моддаси топилган.

У мазкур гиёҳвандлик воситасини Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ доллари ҳамда 5 млн сўмга сотиб олганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган.

Натижада бекободлик наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан 1 кг 47 г «опий» ҳамда унинг 2 нафар жиноий алоқаларидан эса 335 г «опий» моддаси олинган.

Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Teglar

Mavzuga oid