add

Гренландия иситмаси ёхуд буталар орасидан чиққан Путин

24.01.2026 | 21:554 daqiqa

Икки ўт орасида қолган Европа Иттифоқи АҚШга катта бир муаммо сифатида эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Бироқ Иттифоқ назарида бу муаммо ҳозирча бевосита хавф туғдирмайди. Россия эса бу вақтда парда ортида ўз ишларини битириб олиш билан банд.

Гренландия иситмаси ёхуд буталар орасидан чиққан Путин

Жаҳон сиёсатида ўтган ҳафта Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форуми таъсирида ўтди. Аслида Украинага, уни иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва Россия агрессиясини бартараф этиш масалаларига бағишланиши кутилган форум кутилмаганда биргина орол — Гренландия миқёсида чекланиб қолди.

Канада бош вазири Марк Карни Давосда тарихий нутқ сўзлаётган, Франция ва АҚШ президентлари эса намойишкорона тарзда бир-бирлари билан учрашишдан қочган бир пайтда, Владимир Путин хотиржамлик билан қулай фурсат кутди. Якунда у ҳам Вашингтондан келган меҳмонларни кутиб олишга, ҳам «Тинчлик кенгаши» деб аталувчи тузилмага таклиф этилишига эришди, дейди сиёсатшунос Иван Преображенский DW нашрига ёзган мақоласида.

Трамп атрофидаги шов-шувлар

АҚШ президенти диққат марказида туришни яхши билади. Бу сафар ҳам у бунга эришди: Доналд Трампнинг Гренландия ҳақидаги бир нечта юзаки баёнотлари йилнинг энг муҳим ҳафталаридан бирида — Швейцариянинг Давос шаҳрида анъанавий Бутунжаҳон иқтисодий форуми ўтаётган паллада нафақат ОАВ, балки сиёсатчилар ва иқтисодчилар кун тартибини ҳам бутунлай ўзгартириб юборди.

Бунинг устига — гарчи бу жуда салмоқли қадам бўлса-да — Трамп айнан Швейцарияда ўзи раислик қиладиган «Тинчлик кенгаши»ни тузишга қарор қилди. Одатий халқаро институтлар ўрнини босишга даъво қилаётган ушбу ташкилот Ғазо сектори муаммосини, шунингдек, Америка етакчиси «икки томонлама можаро» деб ҳисоблашни афзал кўрадиган Россиянинг Украинага қарши агрессиясини ҳал қилиш тизгинини ўз қўлига олишни мақсад қилган.

Оқ уй раҳбарининг Гренландия борасидаги фаоллиги ҳамда орол берилмаса, куч ишлатиш ҳақидаги ноаниқ таҳдидлари натижасида Европа Иттифоқи бор эътиборини ушбу муаммога қаратишга мажбур бўлди. Яхлит Европа ҳамон мавжуд вазиятга сезиларли кечикиш билан муносабат билдиришда давом этмоқда. Шунга қарамай, ЕИ Давос форуми билан бир вақтда норасмий ёпиқ саммит ўтказди ва ниҳоят, деярли бир овоздан АҚШга ортиқ таяниб бўлмаслигини тан олди. Камида келгуси уч йил давомида Америка, биринчи навбатда, хавфсизлик масалаларида ишончли иттифоқчи бўлишдан тўхтайди.

«Зудлик билан куч йиғишимиз керак», — демоқда европаликлар бир овоздан. Уларга НАТО бўйича ҳамкор Канада ҳам жўр бўлди. Бироқ улар бу ҳақда шундай гапиришмоқдаки, гўё ЕИ чегараларида қарийб тўрт йилдан бери кенг кўламли уруш кетмаётгандек.

Рад этиш маҳорати

Аслини олганда, бутун ҳафта давомида Европа етакчилари «йўқ» дейиш маҳоратини намойиш этиш билан банд бўлди. Данияликлар Давос форумидаги иштирокини бекор қилди. Эммануэл Макрон эса Америка етакчисини кутиб ўтирмай Давосдан жўнаб кетди. Бунга Трампнинг улар ўртасидаги шахсий ёзишмаларнинг бир қисмини оммага эълон қилгани ва франциялик ҳамкасбини «чўлоқ ўрдак» деб атагани сабаб бўлди.

Россия зарбалари оқибатида энергетика тизими издан чиқиб, қаҳратон совуқда қолган ва уруш гирдобидаги Украина президенти Володимир Зеленский ҳам дастлаб Давосга боришдан бош тортди. Бироқ кейинчалик Зеленский барибир форумга келди ва бу гал америкаликларни эмас, балки Франция ва Буюк Британияни қатъиятсизликда айблаб, танқид остига олди.

Зеленскийнинг бу режаси умуман олганда муваффақиятли чиқди. У Доналд Трамп билан барибир учрашди ва ҳатто хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги ҳужжатни имзолашга муваффақ бўлди. Энди ушбу ҳужжат миллий парламентлар томонидан ратификация қилиниши лозим. Шундай қилиб, Давос форуми аввалида гўё унутилгандек туюлган Украина кутилмаганда «Гренландия сояси»дан чиқиб олди.

Кутилмаганда саҳнага чиққан Путин

Трамп юзага келтирган фикрлар ғалаёни фонида саҳнада кутилмаганда Владимир Путин пайдо бўлди ва у ўтган ҳафтадаги воқеаларнинг асосий манфаатдоридек кўринмоқда. АҚШ унинг дўсти Николас Мадурони қўлга олган, Эрон қирғоқларига ҳарбий флотини юборган бир пайтда Путин сукут сақлаганди. Гренландия масаласида ҳам лом-мим демай, «Тинчлик кенгаши» тузилишини қувонч билан қўллаб-қувватлади.

Россия раҳбари ҳатто ўзининг аъзолик бадали эвазига АҚШда музлатиб қўйилган Россия активларидан бир миллиард долларни олишни таклиф қилиб, Америка етакчисининг вакилларини мамнуният билан қарши олди.

Унинг Стив Уикофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан навбатдаги 3,5 соатлик мулоқоти нима ҳақида бўлгани одатдагидек номаълум. Аммо натижа маълум — Бирлашган Араб Амирликларида «уч томонлама» музокаралар ўтказишга янги уриниш бошланди. Кун тартибидаги мавзу — Кремл учун ғоят муҳим бўлган Донбасс устидан назоратни ўрнатиш, яъни  украиналиклар ўзларининг энг мустаҳкам ҳудудини жангсиз топширишидир. Наҳотки Путин пистирмада пойлаб, ўзи учун амалий бир натижани кутган ва керакли паллада «Гренландия сояси»дан чиқиб келган бўлса?

 

Teglar

Mavzuga oid