
Ҳиндистондаги хавфли вирус Ўзбекистонга кириб келдими? Санепидқўмита расмий баёнот берди
Дунё соғлиқни сақлаш тизими навбатдаги хавф – Нипаҳ вируси билан тўқнаш келмоқда. Ушбу вирус асосан кўршапалаклар орқали инсонларга юқадиган зооноз касаллик. Нипаҳ инсонларда бош мия яллигланиши ва ўлимга олиб келади.

Нипаҳ вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган. Эпидемиологик вазият барқарор. Бу ҳақда Санепидқўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу касалликни Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимол жуда паст бўлсада Ҳиндистонга боришга чоғланган фуқароларга мазкур вирусдан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим.
• шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш;
• қўлларни совун билан яхшилаб ювиш;
• антисептик воситалардан фойдаланиш;
• мевалар ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал ювиш;
• текширилмаган сувни ичмаслик.
• асосийси кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.
Агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, қўнғироқ ёки бошқа касаллик белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
«Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарор ушлаш ҳамда четдан кириб келиши мумкин бўлган касалликларни олдини олиш мақсадида 54 та чегара пунктларида доимий назорат олиб борилмоқда. Ҳар қандай касалликнинг олдини олишда белгиланган қоида ва тавсияларга амал қилиш муҳим ҳисобланишини унутманг», - дейилади хабарда.
Нипаҳ вируси - дунёда вазият қандай?
Нипаҳ зооноз касаллик бўлиб ҳайвонлардан инсонга юқади масалан, кўршапалаклардан. Шунингдек, зарарланган озиқ-овқат орқали ва одамдан-одамга юқиши ҳам мумкин.
Нипаҳ вируси – бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий касалликни келтириб чиқарадиган вирус тури ҳисобланади.
Сўнгги йилларда НИПАҲ вируси эпидемиялари мунтазам равишда Ҳиндистонда кузатилмоқда, шу билан бирга инсон касаллиги ҳолатлари Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам рўйхатга олинади.
Қачон аниқланган?
Илк бор 1999 йилда Малайзиядаги Нипаҳ дарёси атрофида яшовчи чўчқа етиштирувчи фермерлар орасида Нипаҳ вируси тарқалган. Ўшандан буён Жанубий Осиёда бу касалликнинг яна 12 марта авж олиши кузатилди. 2018 йилда Ҳиндистоннинг Керала штатида Нипаҳ вируси тарқалиб, 17 киши ҳалок бўлган эди. 2021 йил сентябрда айнан шу штатда яна бир марта эпидемия қайд этилди, оқибатда 12 ёшли бола вафот этди ва 11 кишида инфекция белгилари аниқланди. 2023 йил сентабрда Ҳиндистонда вируснинг навбатдаги тарқалиши оқибатида яна икки киши ҳаётдан кўз юмди.





