add

Катта тозалаш ёки ўхшамаган давлат тўнтариши? — Хитойда юқори лавозимли генераллар ҳибсга олинди

26.01.2026 | 19:288 daqiqa

Хитой олий ҳарбий қўмондонлигини ларзага келтирган ҳибслар партия ичидаги қудрат курашлари янги босқичга чиққанини кўрсатмоқда. Кузатувчилар бу жараённи Си Жинпингнинг тўртинчи муддатга тайёргарлиги билан боғламоқда.

Катта тозалаш ёки ўхшамаган давлат тўнтариши? — Хитойда юқори лавозимли генераллар ҳибсга олинди

Тасдиғини топган миш-мишлар

Ўтган ҳафтада Хитой Коммунистик партияси олий ҳарбий қўмондонлигидаги Марказий ҳарбий комиссия (МҲК) раиси ўринбосари Жанг Юсиа ва Қўшма штаб бошлиғи Лиу Жэнли ҳибсга олингани ҳақида миш-мишлар тарқалди.

Бунга уларнинг 2026 йил 20 январ куни провинция ва вазирлик даражасидаги мансабдорлар учун ўтказилган партиянинг юқори даражали тайёрлов семинари очилиш маросимида қатнашмагани сабаб бўлди. Уларнинг йўқлиги дарҳол сигнал сифатида қабул қилинди. 23 январ куни семинарнинг ёпилиш сессиясида эса партия Ташкилий департаменти раҳбари Ши Тайфенг иштирок этди, аммо Жанг ва Лиу яна йўқ эди. Шу пайтга келиб, онлайн муҳитда сиёсий-ҳарбий таназзул ҳақидаги тахминлар тез тарқала бошлади.

China tontarish 01

Жанг Юсиа 2025 йил 5 март куни Пекинда Бутунхитой халқ вакиллари қурултойининг очилиш сессиясида. Фото: Getty Images

Эртаси куни, 24 январда Хитой Миллий мудофаа вазирлиги вакили Жанг Юсиа ва Лиу Жэнли «жиддий интизом ва қонун бузилишида шубҳаланилаётгани» учун тергов остида эканини расман маълум қилди.

Эълоннинг тезлиги ва бевоситалиги хориждаги кузатувчиларни ҳайратга солди. Чунки расмий ахборот Хитой Халқ Озодлик Армиясидаги икки энг қудратли қўмондоннинг ушлаб турилганига оид хабарларни тасдиқлабгина қолмасдан, бу оддий коррупцияга қарши одатий иш эмас, балки Хитой ҳарбий кучларининг энг юқори поғонасидаги катта тозалаш эканини очиқлади.

 

Муваффақиятсиз ҳарбий тўнтариш даъволари

2026 йил 23 январ куни АҚШда яшовчи хитойлик мустақил таҳлилчи Цай Шенкун «X» ижтимоий тармоғида Жанг Юсиа ва камида 17 нафар юқори лавозимли Халқ Озодлик Армияси генерали қўлга олингани ҳақида ёзди.

  

Цайнинг сўзларига кўра, ушлаб турилганлар орасида генерал Лиу Жэнли, генерал Сиао Тианлиан ва генерал-лейтенант Жунг Шаочунг ҳам бор. Бу операция Хитой Ички ишлар вазирлиги махсус хизмат бюроси, партиянинг энг юқори раҳбарларини ҳимоя қиладиган Марказий қўриқлаш бюроси ва партиянинг ички хавфсизлик ва назорат органи ҳисобланган Марказий интизомни назорат қилиш комиссияси иштирокида амалга оширилгани хабар қилинди.

«Бу оғир вазнли ҳарбий инқилобга тенг», — деб ёзди Цай.

Унинг даъво қилишича, ҳибсга олишлар 22 январ куни провинция даражасидаги мансабдорларга ички тарзда маълум қилинган ва бу ҳақда оммага кенгроқ ахборот тарқатиш кейинги кунга режалаштирилган. Цайнинг огоҳлантиришича, тозалаш ҳали тугамаган ва яқинда катта сонда генерал-лейтенантлар, генерал-майорлар ва ҳатто дивизия командирлари ҳам қўлга олинади.

 

Пекиндаги локдаун ва тунги қўлга олишлар

Австралияда яшовчи Хитойнинг мустақил журналист Жианг Ванжэнг ўз манбалари орқали қўшимча тафсилотларни очиқлади.

 

Жиангга кўра, 2026 йил 18 январ куни соат 22:00 атрофида Пекиндаги барча армия офицерлари тўсатдан ўз бўлинмаларига чақирилган ва эҳтиёт режимига ўтказилган. 19 январ куни Жанг Юсианинг ўғли ва унинг ижроия котиби ушлаб кетилган. 20 январ куни эрталаб эса Жангнинг ўзи сўроқ учун чақирилган.

China tontarish 02

2023 йил 4 март куни Жанг Юсиа (ўнгда) Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосарлари Ҳэ Вэйдонг (чапда) билан бирга Пекинда Хитой Халқ Сиёсий Маслаҳат Кенгашининг очилиш сессиясида иштирок этмоқда. Фото: Noel Celis / AFP via Getty Images

Жиангнинг сўзларига кўра, партия Сиёсий бюроси доимий қўмитаси аъзоси ва раис Си Жинпингга содиқ бўлган Цай Ци генерал Жангнинг қўлга олинишини шахсан назорат қилган ва янги ташкил қилинган Марказий ҳарбий комиссия сиёсий текширув топшириқ гуруҳига раҳбарлик қилган.

«Жанг Юсиа ва Си Жинпинг бир вақтлар бир манфаат гуруҳида иттифоқчи бўлишган. Аммо Си Жангнинг кетишини хоҳлаган. Жанг бу таклифни рад этган. Бунинг оқибатида юзага келган тўқнашув Чжаннинг лавозимдан четлатилиши билан якунланди», – дейди Жианг.

Лиу Жэнли ва Жанг Юсиа ким?

China tontarish 03

Лиу Жэнли. Фото: Florence Lo/EPA

Лиу Жэнли, 61 ёшда, Халқ Озодлик Армиясининг энг тажрибали қўмондонларидан бири ҳисобланади. У аввал 38-Гуруҳ Армияси қўмондони, Қуролли Кучлар штаби бошлиғи, Қуролли Кучлар қўмондони ва Халқ Қуролли Полицияси штаби бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 2023 йил март ойида у Марказий ҳарбий комиссия Қўшма штаби бошлиғи этиб тайинланди, бу эса уни Хитойнинг ҳарбий режалаштириш марказига қўйди.

Жанг Юсиа билан бирга унинг ҳибсга олиниши тозалашнинг қанчалик кенг миқёсли эканини кўрсатади.

China tontarish 04

2023 йил 11 март куни Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосари Жанг Юсиа (минбар олдида) Хитой Бутунхитой халқ вакиллари қурултойининг Тўртинчи ялпи йиғилиши очилиш сессиясида Комиссиянинг янги тайинланган аъзолари билан бирга қасамёд қилмоқда. Лиу Жэнли чапдан биринчи. Фото: Линтао Жанг / Getty Images

75 ёшли Жанг Юсиа эса Коммунистик партия назоратидаги ва раис Си Жинпинг раҳбарлик қиладиган Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосари ҳисобланади. У, шунингдек, партиянинг 24 нафар аъзодан иборат энг юқори қарор қабул қилувчи органи — Сиёсий бюро аъзоси ҳамдир.

Чжаннинг отаси Хитой Коммунистик партиясининг асосчиларидан бўлган генераллардан бири эди. Жанг 1968 йилда армияга қўшилган ва жанг тажрибасига эга бўлган кам сонли юқори лавозимли раҳбарлардан бири ҳисобланади. У Хитой армияси учун белгиланган одатий нафақа ёши ортда қолганига қарамасдан лавозимда қолдирилган эди, бу эса шу пайтгача у Си Жинпингнинг ишончли одами бўлганини кўрсатарди.

Си Жинпинг ҳокимиятга келганидан буён турли соҳаларда коррупцияга қарши кенг кўламли кампаниялар олиб бормоқда. Сўнгги пайтларда бу кампания айниқса ҳарбий соҳада фаоллашган. Си коррупцияни Коммунистик партия учун «энг катта таҳдид» деб атаб, унга қарши кураш «ҳали ҳам оғир ва мураккаб»лигини таъкидлаб келади.

Тарафдорлар бу сиёсат самарали бошқарувни таъминлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Танқидчилар эса уни сиёсий рақибларни четлатиш воситаси сифатида қўлланилаётганини айтмоқда.

Жанг Юсиа ва Лиу Жэнли лавозимдан четлатилгандан сўнг, кузатувчилар қайд этишича, Хитой коммунистик партиясининг 20-қўмитасида Марказий ҳарбий комиссияга сайланган қўмондонлар орасида фақат Си Жинпинг ва Чжан Шэнгмин қолган. Бошқа юқори мартабали шахслар — Ли Шангфу, Миао Ҳуа, Ҳэ Вэйдонг, Жанг Юсиа ва Лю Жэнли — кетма-кет лавозимидан бўшатилган.

 

Кутилмаган ўлим ва хавотирли пропаганда сигнали

2026 йил 23 январ куни Жанг Юсиа қўлга олингани ҳақидаги хабар тарқалган пайтда, унинг собиқ раҳбари, армия Бош логистика бошқармаси собиқ директори Лиао Силунгнинг 85 ёшида тўсатдан вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Лиао илгари ҳарбий протекция тармоқларида кучли шахс бўлган. Хитой онлайн энциклопедиялари унинг вафот санасини 2026 йил 23 январ деб янгилади. Бу сана кўпчиликнинг диққатини тортди. Бир кун олдин, Цай Шенкун яна бир нафақадаги генералнинг дафн маросимида Чжан Юся томонидан юборилган гулдасталар тўсатдан олиб ташлангани ҳақида хабар берган эди.

Кузатувчилар генералларнинг сиёсий ўчирилиши белгиларини аниқлаш мақсадида ҳарбий дафн маросимларини диққат билан таҳлил қила бошлади. Шу куни Хитой Марказий телевидениеси ҳарбий канали тарғибот видеоролигини чиқарди, унда армия аскари шундай деди:

«Мен жанговар хизмат учун жануб-шарқий соҳилга келдим. Бугун менинг орзум амалга ошмоқда».

Бу видео дарҳол тахминларга сабаб бўлди: Си Жинпинг ички тозалашдан сўнг Халқ Озодлик Армиясини Тайванга қарши ҳарбий операцияга тайёрлаши мумкин.

 

Халқаро хавотир ва АҚШ разведкаси эътибори

Жанг Юсиа қўлга олингани ҳақидаги хабарлар Вашингтонда тез эътиборни тортди. 2026 йил 23 январ куни АҚШ Ҳарбий разведка агентлиги собиқ директори ва миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Майкл Флин шундай ёзди:

«Шошилинч хабар: Хитой коммунистлар партияси ичида тўнтариш бошланган кўринади. Партия ва унинг ҳарбий раҳбарятида катта беқарорлик. Бу оқибатлар тўғридан тўғри АҚШ ташқи сиёсатига, Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги кучлар мувозанатига ва АҚШ–Хитой муносабатларининг келажак йўналишига таъсир қилади».

Флин Си Жинпингни ички инқироздан келадиган оғир оқибатларга тайёрланишга чақирди.

 

Ички урушга чўмилган режим

Тайванлик мудофаа таҳлилчиси Шен Мингшининг қайд этишича, 2024 йил ўрталарида Хитой Коммунистик Партиясининг Учинчи Пленумидан бери ички қудрат курашлари кучайган. Ҳар йилги «Икки Сессия» яқинлашар экан, партиянинг 21-қўмитаси учун раҳбарлик тайинловлари кўзда тутилса, янада беқарорлик юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.

China tontarish 05

Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосари Жанг Юсиа (ўнгда) Хитой раиси Си Жинпинг (ўртада) билан бирга 2025 йил 22 декабр куни бўлиб ўтган ҳарбий унвон бериш маросимида қатнашмоқда. Фото: «Xinhua».

Хитой Конституциясига кўра, давлат ва Хитой коммунистик партияси раҳбари Марказий ҳарбий комиссияни бошқаради ва ҳарбий қўшинлар устидан олий қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Бу “раислик масъулияти тизими” ҳарбий қўшинлар устидан партиянинг мутлақ назоратини таъминлаш учун мўлжалланган.

Халқ Озодлик Армиясининг мазкур ҳибслар бўйича муносабатида қайд этилишича, икки генерал «сиёсий ва коррупция муаммоларига аралашиб қолган, бу эса партиянинг ҳарбий қўшинлар устидан мутлақ раҳбарлигига таҳдид солади ва партия ҳокимиятининг асосини хавф остига қўяди».

Ушбу изоҳлар Сининг тўртинчи муддатга сайланиши учун курашда армиянинг муҳим аҳамиятини кўрсатади, партия буни 2027 йилда бўлиб ўтадиган кейинги қурултойида тасдиқлаши керак бўлади. Партия фуқаролик уруши орқали ҳокимиятни қўлга киритгани ва асосчиларининг кўпчилиги урушларда иштирок этгани сабабли, ҳарбий қўшинларнинг назорати зарур деб ҳисобланади.

«Ҳарбийлар партия раҳбарларига қарши чиқа олган Хитойдаги ягона ташкилот», дейди АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Хитой таҳлили бўлими собиқ раҳбари, Хитой армияси бўйича мутахассис Деннис Уилдер.

У 1959 йилда мудофаа вазири Пэн Дэҳуайнинг Мао Жэдонг сиёсатига танқиди ва 1971 йилда генерал Лин Биао томонидан ташкиллаштирилгани тахмин қилинган тўнтаришга уринишни мисол сифатида келтирди.

China tontarish 06

Хитой Халқ Республикаси раиси ва Марказий ҳарбий комиссия раҳбари Си Жинпинг. Фото: «Xinhua»

Сингапурдаги «S Rajaratnam» Халқаро тадқиқот мактабида ассистент профессор бўлиб ишлаётган Жеймс Чар Хитойдаги воқеаларни изоҳлар экан, Жанг Юсиа ёки бошқа мансабдор очиқчасига Си Жинпингга қарши чиқа олганига шубҳа билдирди. Аммо у Жангнинг ҳибсга олиниши фракциявий сиёсат билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Осиё жамияти Сиёсат институти (Asia Society Policy Institute) қошидаги Хитой Халқ-озодлик армияси бўйича эксперт Лайл Моррисга кўра, Си бундай драматик ҳаракат қилгани партиянинг тўлиқ қўллаб-қувватлашига эга эканини ва ҳарбий қўшинлар устидан ваколатни мустаҳкамлаганига ишонч ҳосил қилиши мумкинлигини кўрсатади.

Teglar

Alibek Beyjanov

Alibek BeyjanovMaqolalar soni: 12

Barchasi

Mavzuga oid