
Ўзбекистон OECD билан англашув меморандуми имзолади
Ҳужжат инвестиция, рақамлаштириш ва «яшил» иқтисодиётни қамраб олиб, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясида янги босқични бошлади.

Евроосиё ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига чуқурроқ интеграциясига хизмат қиладиган янги ҳамкорлик босқичини бошлаб берди, дейилади Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарида.
Меморандум 19 та устувор йўналишни қамраб олади. Улар орасида инвестиция муҳитини яхшилаш, рақамлаштириш, коррупцияга қарши кураш, «яшил» энергетикани ривожлантириш каби муҳим соҳалар бор. Ҳамкорлик натижасида ўзбек бизнеси OECDʼнинг таҳлилий материаллари ва илғор халқаро амалиётларига кириш имкониятига эга бўлади.
Расмийларга кўра, бу қадам компаниялар рақобатбардошлигини ошириш ва хорижий инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инвестицияларга сигнал
Шунингдек, Ўзбекистон OECDʼнинг халқаро инвестициялар ва кўпмиллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиш учун ариза топширди. Ушбу декларацияни ҳозирда 50 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватламоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур қадам мамлакатнинг глобал рейтинглардаги мавқеини кучайтиради ҳамда чет эллик инвесторлар учун қўшимча кафолатлар яратади. Бу эса тўғридан тўғри инвестициялар ҳажмини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
OECD билан ҳамкорлик инвестиция сиёсатини халқаро стандартларга яқинлаштириш орқали иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашни мақсад қилади.
Ижтимоий ва иқтисодий таъсир
Меморандум доирасида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш режалаштирилган.
Форум доирасида ўтказилган учрашувларда иштирокчи давлатлар вакиллари Ўзбекистонда бизнес-миссияларда қатнашишга қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, 2026 йил 16–19 июн кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.





