add

Ўзбекистонда диплом эксперти: рақамлар, шартномалар, университетлар рейтинги

26.01.2026 | 11:534 daqiqa

Мамлакат олийгоҳларида таҳсил олаётган хорижликлар талабалар сони ортмоқда. Қайси давлат фуқаролари кўплиги, ОТМлар рейтинги, давлатлар орасидаги шартномалар – Vaqt.uz таҳлилида.

Ўзбекистонда диплом эксперти: рақамлар, шартномалар, университетлар рейтинги

Сўнгги йилларда Ўзбекистон олий талим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони ортмоқда. Расмий маълумотларга қарайдиган бўлсак, жумладан охирги 5 йил ичида мамлакат ОТМларида таълим олаётган хорижликлар сони кескин ошгани кўриш мумкин:

2020/2021- ўқув йили – 4,2 минг нафар;

2021/2022- ўқув йили – 5,1 минг нафар;

2022/2023- ўқув йили – 5,0 минг нафар;

2023/2024- ўқув йили – 10,8 минг нафар;

2024/2025- ўқув йили – 12,5 минг нафар.

Хорижлик талабалар қайси давлатлардан?

Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси эълон қилган бошқа бир маълумот ҳам Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келаётган чет элликлар сони ортаётганини кўрсатади. 2025 йилнинг 11 ойи мобайнида 37,2 минг нафар хорижлик ўқиш учун Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 54,3 фоизга кўп бўлган.

Маълумотларга кўра, ўқиш учун ташриф буюрган талабаларнинг асосий қисми Ҳиндистондан келган. Ушбу мамлакатдан 16,3 минг нафар талаба келган. Кузатувлар шуни кўрсатадики, ҳиндистонлик талабаларнинг катта қисми тиббиёт йўналишида таҳсил олишмоқда. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси ва Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўқиётган кўплаб ҳиндистонлик ва покистонлик талабаларни кўриш мумкин.

Кейинги ўринларда Туркманистон (8,9 минг нафар) ва Тожикистон (2,7 минг нафар) жойлашган бўлиб, бу қўшни давлатлар билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари билан изоҳланади. Шу билан бирга, Покистон (1,7 минг) ва Хитой (1,4 минг) каби мамлакатларидан ҳам келаётган талабалар сони ошган. Шу жумладан, Россиядан 164 нафар ва Филиппиндан 501 нафар хорижлик талаба Ўзбекистонга ўқиш учун келган.

Эътиборли жиҳати шундаки, ривожланган ва халқаро рейтингларда нуфузли ўринларда турувчи олийгоҳлари талайгина бўлган мамлакатлардан ҳам талабалар оқими мавжуд:

Жанубий Корея — 870 нафар;

АҚШ — 464 нафар;

Буюк Британия — 179 нафар;

Италия — 94 нафар.

Шунингдек, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари ҳиссаси ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, Миср (737 нафар), Иордания (194 нафар), ЖАР (155 нафар) ва Эрон (115 нафар)дан келган талабалар сони таълим экспорти географияси тобора кенгайиб бораётганини тасдиқлайди.

Вазирлик муносабати

Vaqt.uz Ўзбекистон олийгоҳлари ва бошқа давлатлар ҳукуматлари ўртасида бу бўйича қандай шартнома ёки келишувлар борлигини очиқлаш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова билан боғланди.

Вазирлиги матбуот котибига кўра, Жанубий Осиё мамлакатлари, хусусан Ҳиндистондан келаётган хорижий талабалар сонининг ортиб бориши, аввало, бозор механизмлари, таълим нархи ва сифати ўртасидаги ўзаро мутаносиблик билан боғлиқдир. Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу талабаларнинг аксарияти Ўзбекистонни мустақил танлов асосида таълим олиш учун танламоқда. Бу ҳолат, энг аввало, Ўзбекистон олий таълим тизимининг очиқлиги ва халқаро майдонда тобора жозибадор бўлиб бораётгани билан изоҳланади.

«Айниқса, хориждан келаётган талабалар орасида тиббиёт йўналишларига бўлган қизиқиш юқори даражада сақланиб қолмоқда. Сабаби Ўзбекистонда тиббиёт таълими халқаро тиббий таълим федерацияси томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиб, ўқув жараёнлари халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув дастурлари асосида ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, нисбатан мақбул контракт ва яшаш нархлари хорижий талабалар учун муҳим иқтисодий жиҳатдан муҳим бўлиб ҳисобланади. Кўплаб олий таълим муассасаларида таълим жараёнининг инглиз тилида олиб борилаётгани эса хорижлик талабалар учун қўшимча қулайлик яратмоқда», деди Назокат Абдуқундузова.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга кириб келиш тартибларининг соддалаштирилгани, тўғридан-тўғри халқаро авиарейсларнинг мавжудлиги ҳамда мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва МДҲ давлатлари билан академик ҳамкорлик, қўшма таълим дастурлари ва талабалар алмашинуви йўналишидаги фаол алоқалари хорижий талабалар оқимининг барқарор ўсишига хизмат қилмоқда.

converted_image

Ўзбекистон олийгоҳлари халқаро рейтингда

Хорижлик талабаларни Ўзбекистон ОТМларининг халқаро рейтингларда қандай ўрин эгаллагани ҳам қизиқтиради, албатта. Мамлакатда халқаро эътироф этилган QS Дунё университетлари рейтингидан жой олган олийгоҳлар бор. Жумладан, мазкур рейтингда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 469-ўринни эгаллаган. Шунингдек, рейтингдан Ўзбекистон миллий университети (721-730-ўрин), Тошкент давлат техника университети (901-950-ўрин), Самарқанд давлат университети (1001-1200-ўрин), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1001-1200-ўрин), Тошкент давлат транспорт университети (1201-1400-ўрин) ва Тошкент ахборот технологиялари университети (1401-ўрин) ҳам жой олган.

 

Муродбек Ҳайдаров

Teglar

Mavzuga oid