add

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш бўйича чеклов юмшатилади

26.01.2026 | 17:052 daqiqa

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳада дрон технологияларини иқтисодиётга жорий этиш ва соҳага хусусий секторни жалб қилиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш бўйича чеклов юмшатилади

Ўзбекистонда фуқаро авиациясида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни босқичма-босқич либераллаштириш режалаштирилмоқда. Бу 2026 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга қаратилган президент фармони лойиҳасида келтирилган.

Юридик шахслар учун имкониятлар

Мазкур лойиҳага мувофиқ, юридик шахсларга дронларни мамлакатга олиб кириш, уларни ишлаб чиқариш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу қадам саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика, қурилиш ва мониторинг соҳаларида замонавий технологиялардан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, дронлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш лицензия ва сертификатлар асосида қатъий тартибга солинади. Бу хавфсизлик талабларига риоя этиш ва ноқонуний айланманинг олдини олишни мақсад қилади.

Рақамли назорат ва хавфсизлик

Ҳаво ҳудудида дронлар парвозини самарали бошқариш учун яшил, сариқ ва қизил зоналар тизими жорий этилади. Ушбу зоналар орқали дронлардан фойдаланиш даражаси ва чекловлари аниқ белгиланади. Парвозларни назорат қилиш ва мониторинг қилиш учун ягона автоматлаштирилган рақамли инфратузилма ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Дронларни бошқариш бўйича махсус гувоҳномаларни жорий этиш, ўқув ва сертификатлаш тизимини шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Транспорт вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлигига 2026 йил июн ойига қадар ушбу йўналишдаги тегишли президент фармонини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон чегаралари Байрактар дронлари билан қўриқланиши ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid