add

Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгаши ассамблеясида иштирок этди ва нутқ сўзлади

26.01.2026 | 22:003 daqiqa

Ўзбекистон Президенти Тошкентда ўтган Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз нутқида спорт дипломатияси, йирик сайловлар ва Ўзбекистон учун очилаётган янги имкониятларга тўхталди.

Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгаши ассамблеясида иштирок этди ва нутқ сўзлади

Ўзбекистон Президенти Тошкентда ўтган Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз нутқида спорт дипломатияси, йирик сайловлар ва Ўзбекистон учун очилаётган янги имкониятларга тўхталди.

Бугун, 26 январ куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам штирок этди ва нутқ сўзлади. Давлат раҳбари спортни глобал мулоқот ва ишончни мустаҳкамловчи муҳим восита сифатида таърифлади.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, зиддиятли халқаро шароитда спорт давлатлар ва халқларни яқинлаштирадиган бетакрор кучга эга.

Давлат раҳбари Осиё Олимпия кенгаши 4,8 миллиард аҳолини бирлаштириб, олимпия ҳаракатининг дўстлик, адолат ва тенглик ғояларини фаол илгари сураётганини қайд этди. Президент Кенгаш фаолиятини «Жипслашган Осиё» модели сифатида баҳолади.

Шунингдек, Мирзиёев Тошкентда Кенгаш президенти лавозимига сайлов ўтказилганини тарихий воқеа деб атаб, ушбу лавозимга бир овоздан сайланган Шайх Жавъан бин Ҳамад ол Сонийни қутлади. Қолаверса, кенгаш президентини олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг «Шон-шараф» ордени билан тақдирлади.

Меҳмонлар

Тадбирда етакчи халқаро ва минтақавий спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, жумладан, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг биринчи вице-президенти, Қатар Олимпия қўмитаси президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги президенти Витолд Банка, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабэ, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд, “World Boxing” ташкилоти президенти Геннадий Головкин, Халқаро чим устида хоккей федерацияси президенти Муҳаммад Тоййаб Икром, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси бош котиби Гунилла Линдберг ва Африка Олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Мустафо Берраф ҳам қатнашди.

Шунингдек, ассамблея ишида махсус меҳмонлар ва расмийлар, хусусан, АҚШ президентининг махсус вакили Паоло Замполли, Россия спорт вазири Михаил Дегтярёв, Саудия Арабистони спорт вазири Абдулазиз бин Туркий Ол Сауд, Қатар ёшлар ва спорт вазири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний ҳамда бошқалар иштирок этди.

Ҳамкорлик ва нуфуз

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Осиё Олимпия кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. 2022 йилда Кенгаш Ижроия қўмитаси сессияси Тошкентда ўтказилиб, Ўзбекистон вакили илк бор Марказий Осиё бўйича вице-президент этиб сайланганини қайд этди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Ўзбекистоннинг 2029 йил Ёшлар Осиё ўйинларига мезбон сифатида танланиши мамлакатга берилган ишонч сифатида баҳолади. Бу қарор минтақадаги қўшни давлатлар билан спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтди.

Шу билан бирга, «World Aquatics» федерацияси раҳбари Ҳусайн ал-Мусалламнинг Ўзбекистон спорти ривожига қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Ислоҳот ва натижалар

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритди. Уч босқичли “Президент Олимпиадаси” комплекс спорт мусобақалари тизими йўлга қўйилди, замонавий спорт инфратузилмаси, хусусан, Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, юқори малакали спортчиларни саралаш ва тайёрлаш тизими кенгайтирилмоқда.

Халқаро майдондаги юксак натижалар, жумладан, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг муваффақиятли иштирок этгани ҳамда юртимизда оммавий спорт ривожланиб, бугунги кунда 15 миллиондан ортиқ аҳоли мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланаётгани қайд этилди.

Халқаро ва Осиё спорт ташкилотлари Ўзбекистон миллий спорт федерациялари билан 20 дан ортиқ битимлар имзолагани таъкидланди.

Хусусан, Халқаро оғир атлетика федерацияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубини замонавий илмий ёндашув асосида ривожлантиришга кўмаклашади, Бирлашган кураш дунёси ташкилоти Минтақавий спорт курашлари академиясини ташкил этади. Осиё волейбол конфедерацияси ҳар бир вилоятда 1 тадан волейбол бўйича спорт клубини бунёд этса, Чим устида хоккей халқаро федерациясининг техник кўмагида 2 та стадион қурилади.

Teglar

Mavzuga oid