add

Ёшлар наркотик учун ойига 20-25 млн сўм сарфлаётгани айтилди

Kecha 16:042 daqiqa

Тошкент шаҳрида 2025 йилда 1,5 мингдан ортиқ наркотикка ружу қўйганлар расман рўйхатга олинган. «Яширин» гиёҳвандларнинг сони бундан ҳам кўп. Уларнинг аксарияти эса ёшлар.

Ёшлар наркотик учун ойига 20-25 млн сўм сарфлаётгани айтилди

2025 йилда Тошкент шаҳрида 1,5 мингдан ортиқ наркотикка ружу қўйганлар расман рўйхатга олинган бўлиб, «яширин» гиёҳвандларнинг сони бундан ҳам кўп. Уларнинг аксарияти эса ёшлар. Бу ҳақда бугун, 27 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилди

Ёшлар наркотик учун ойига ўртача 20-25 миллион сўм сарфлаяпти. Гиёҳванд маблағ топиш илинжида жиноятга қўл уриши табиий. Ўтган йили республика бўйича 64 нафар шахс гиёҳванд модда таъсирида жиноят қилган, унинг учтадан биттаси Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Наркотикка ружу қўйганликни аниқловчи экспресс тестлар 

Шу йилдан бошлаб нарко экспресс-тестлардан оммавий фойдаланишга ўтилиши белгиланди. 

Гиёҳвандларни даволашга энг камида тўрт ой вақт талаб этилади. Мутасаддиларга хусусий шериклик асосида аҳолига наркологик хизмат кўрсатиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида жиноятчилардан олиб қўйилган синтетик моддалар сўнгги беш йилда 11 карра ошгани айтилди. Синтетик наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилиб, тўлов криптовалютада бўлаётгани, нарколабораториялар мамлакат ичида очилаётгани қайд этилди. 

Қонунчиликда давлат органларининг бу борадаги вазифалари ҳам аниқ кўрсатилмагани эслатиб ўтилди. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолгани танқид қилинди. 

Агентлик ва таълим вазирликлариа янги вазифалар

Гиёҳвандликка нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларида раҳбарнинг алоҳида ўринбосари бўлади. Ҳоким, олийгоҳ ректори, техникум ва мактаб директорининг ўринбосарларидан бири бу йўналишга масъул этиб белгиланади. 

Энди агентликнинг масъулияти кучайтирилиб, унга мутасадди идоралар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳо бериш ваколати берилади. Агентлик барча куч ва воситаларга эга бўлади. Агентлик раҳбари Равшан Маматов фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди. 1999 йилда қабул қилинган наркотиклар ҳақидаги қонунни ҳам янгидан ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Президент наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши кураш бўйича наркоканалларнинг охирги манбаси ва ҳомийларигача етиб бориш учун масъулларда қатъият йўқлигини танқид қилди. Пойтахтда наркожиноятларнинг сони 4 мингдан ошган. Қўлга олинган 112 та уюшган жиноий гуруҳ 1 минг 300 дан ортиқ жиноят қилган. 

Мазкур жиноятлар учун айбли деб топилганлар жазони ярмини ҳам ўтамасдан озодликка чиқмоқда. Оқибатда бу жиноятни такроран қилганлар уч йилда 125 фоизга кўпайган. 

Президент Администрацияси шуғулланишни бошлагандан кейин бу масалада ўзгариш бўлгани таъкидланди. Сўнгги уч ойда республика бўйича 50 га яқин йирик наркогуруҳлар қўлга олиниб, ярим тонна наркотиклар муомаласига чек қўйилди.

Teglar

Mavzuga oid