
2025 йилда Ўзбекистонга гўшт импорти кескин ўсган
Йил давомида мамлакатга жами 156,9 минг тоннадан ортиқ мол гўшти импорт қилинган бўлиб, унинг умумий қиймати 661,2 миллион долларни ташкил этди.
© Javhar Chorshanbiyeva 2025 йилда Ўзбекистонга мол, қўй ва товуқ гўшти импорти кескин ошди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил давомида мамлакатга жами 156,9 минг тоннадан ортиқ мол гўшти олиб келинган. Импортнинг умумий қиймати 661,2 миллион долларга етган. Ҳар бир килограмм мол гўшти ўртача 4,2 доллардан тўғри келган.
Солиштириш учун, 2024 йилда Ўзбекистон 93,3 минг тонна мол гўшти импорт қилган бўлиб, ўша даврда бир килограмм гўштнинг ўртача нархи 3,9 доллар бўлган. Бу рақамлар бир йил ичида ҳам ҳажм, ҳам нарх бўйича сезиларли ўсиш кузатилганини кўрсатади. Мутахассислар бу ҳолатни ички ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши ва бозорда талабнинг юқорилиги билан изоҳламоқда.
Қўй гўшти
Қўй гўшти импортида ҳам жиддий ўсиш қайд этилди. 2025 йилда мамлакатга 33 минг тонна қўй гўшти олиб кирилган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 13,5 минг тонна билан солиштирилганда қарийб 2,5 бараварга кўп. Импорт ҳажмининг бундай ўсиши маҳаллий бозорда таклиф етарли эмаслигини англатади.
Товуқ гўшти
Товуқ гўшти импорти ҳам ортиб, 2025 йилда 64,9 минг тоннани ташкил этди. Бир йил аввал бу ҳажм 61,1 минг тонна бўлган. Шу билан бирга, мамлакат ичида гўшт нархлари сезиларли қимматлашди: мол гўшти нархи 23,9 фоизга, қўй гўшти эса 26,8 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ гўшт ва гўшт маҳсулотлари импортига ноль божлар узайтирилиши ҳақида маълумот берган эдик.





