add

Безосдан Маскка рақобат: 6 терабит тезликка эга сунъий йўлдош интернети

23.01.2026 | 15:052 daqiqa

Сунъий йўлдошли интернет бозорида янги улкан лойиҳа эълон қилинди ва у рақобат қоидаларини ўзгартириши ҳамда кучлар мувозанатига таъсир қилиши мумкин.

Безосдан Маскка рақобат: 6 терабит тезликка эга сунъий йўлдош интернети

«Blue Origin» компанияси сунъий йўлдошли интернет бозоридаги кучлар нисбатини ўзгартиришни мақсад қилган «TeraWave» номли янги алоқа тармоғини расман тақдим этди. Лойиҳа 2027 йилдан бошлаб ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, у асосан корпоратив мижозлар, дата-марказлар ва давлат муассасаларига қаратилган.

Компания маълум қилишича, «TeraWave» дунёнинг исталган нуқтасида туриб 6 Tbps тезликда симметрик интернет уланишини таъминлай олади.

Бу ташаббус Жефф Безоснинг космик бизнесдаги навбатдаги йирик қадами сифатида баҳоланмоқда. «Blue Origin» шу орқали оммавий истеъмолчиларга йўналтирилган моделлардан фарқли равишда, юқори ишончли ва катта ўтказувчанлик талаб қиладиган сегментни эгаллашни кўзламоқда.

«TeraWave» қандай ишлайди?

Blue Origin маълумотларига кўра, «TeraWave» кўп орбитали архитектура асосида қурилади. Умумий ҳисобда 5408 та оптик уланишли сунъий йўлдошдан иборат тармоқнинг асосий қисми пастки Ер орбитасига (LEO) жойлаштирилади. Ушбу йўлдошлар ер усти станциялари билан анъанавий радиоканаллар орқали 144 Gbps гача тезликни таъминлайди.

Энг муҳим жиҳат — ўрта Ер орбитасига (MEO) чиқариладиган 128 та сунъий йўлдош. Айнан шу сегмент «TeraWave»нинг энг даҳшатли кўрсаткичи бўлган икки томонлама 6 Tbps тезликда уланиш имконини беради. «Blue Origin» бош директори Дейв Лимпнинг таъкидлашича, тизим онгли равишда оддий фойдаланувчилар учун эмас, балки муҳим инфратузилмалар ва стратегик операциялар учун мўлжалланган. Шу сабабли тармоқ энг кўпи билан тахминан 100 минг мижозга хизмат кўрсатади.

Рақобат кучаймоқда

Сунъий йўлдош интернет бозорида рақобат тобора кескинлашмоқда. Ҳозирча бозор етакчиси «Starlink» бўлиб, у «SpaceX» орқали бошқарилади. Тизим 9 мингдан ортиқ сунъий йўлдош ва тахминан 9 миллион абонентга хизмат кўрсатмоқда, яқин вақтда эса сониясига гигабит даражасида тезликлар ваъда қилинмоқда.

Бундан ташқари, «Amazon» ҳам ушбу соҳада фаолликни оширган. Компания ўзининг LEO тармоғи учун 180 та сунъий йўлдошни орбитага чиқарди ва келажакда 3236 та сунъий йўлдошдан иборат тўлиқ тармоқ яратишни режалаштирмоқда. Шу тариқа, дунёнинг энг бой инсонлари Жефф Безос ва Илон Маск ўртасидаги рақобат нафақат космосда, балки глобал интернет инфратузилмасида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid