
Ўзбекистонда 2025 йилда никоҳлар камайиб, ажралишлар кўпайди
Ажралишларнинг 60 фоизи шаҳарларга, 40 фоизи қишлоқларга тўғри келган. Никоҳлар сони эса сўнгги 10 йилдаги энг паст даражага тушиб кетди.

Ўзбекистонда 2025 йил давомида қайд этилган никоҳлар сони 267,1 мингтани ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Йил давомида рўйхатдан ўтказилган никоҳлар сони 2024 йилга нисбатан 4,7 мингтага камайган. Ҳар минга аҳолига тўғри келадиган никоҳлар сони 7,3 дан 7,1 гача тушиб кетган.

Никоҳлар сони 2021 йилдан бери доимий камайиб келмоқда. Очиқ маълумотларга кўра, сўнгги 10 йил ичида бунчалик кам никоҳ тузилмаган эди.
2025 йилда никоҳдан ажралишлар сони 46,9 мингтани ташкил қилган. Бунда ҳар мингта аҳолига нисбатан ажралиш коэффициенти 1,2 кўрсаткичда бўлган.
Ажралишлар сони 2025-йилнинг январ-декабр ойларида 2024-йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 мингтага кўпайган. Ҳар минг аҳолига нисбатан ажралиш коэффициенти 2024 йилда ҳам 1,2 кўрсаткичда эди.
Мамлакат бўйлаб қайд этилган никоҳлар сони 267,1 мингтани ташкил қилган бўлса, шундан шаҳар жойларида 132,6 мингта (49,7 фоиз), қишлоқ жойларида 134,5 мингта (50,3 фоиз) рўйхатдан ўтган. Яъни, қишлоқларда шаҳарга қараганда бироз кўпроқ никоҳлар қайд этилган.

Бироқ, никоҳдан ажралишлар сони шаҳарларда анча кўп бўлган. Ажралишларнинг 60,1 фоизи шаҳарларга, 39,9 фоизи қишлоқларга тўғри келади.
Шунга қарамай, шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги ажралишлар тафовути қисқариб бормоқда. 2024 йилда ажралишлар нисбати 62 фоизга 38 фоиз кўринишида эди.
Teglar






