
Хаби Лейм бренди 900 миллион долларга сотилди
Дунёдаги энг машҳур тиктокерлардан бири Хаби Лейм ўз брендининг глобал тижорий ҳуқуқларини 900 миллион долларга сотди.

TikTok платформасида энг йирик аккаунт эгаси саналган Хаби Лейм ўз брендига оид тижорий ҳуқуқларни тахминан 900 миллион долларга сотди. Business Insider Africa хабар беришича, битим доирасида Rich Sparkle Holdings компанияси блогер брендининг жаҳон миқёсидаги эксклюзив тижорий ҳуқуқларини қўлга киритган.
Келишув уч йиллик муддатга мўлжалланган бўлиб, Step Distinctive Limited компанияси улушининг бир қисмини сотишни назарда тутади. Шу билан бирга, Хаби Лейм компанияда назорат пакети эгаси сифатида қолади. Rich Sparkle Holdings эса унинг тижорий фаолиятини халқаро бозорларда кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Битим шартлари қандай?
Битим шартларига кўра, харидор компания брендлар билан ҳамкорлик қилиш, реклама шартномаларини тузиш, лицензиялаш ва электрон тижорат соҳасидаги барча асосий йўналишлар бўйича ҳуқуқларга эга бўлади. Компания мазкур фаолиятлар йиллик даромадни 4 миллиард долларгача етказиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, келишув доирасида Хаби Леймнинг ташқи қиёфаси, овози ва хулқ-атвор хусусиятлари асосида унинг «рақамли эгизи» яратилиши режалаштирилган. Бу технология орқали тўғридан-тўғри эфирлар ташкил этиш ва аудитория билан узлуксиз алоқани таъминлаш имконияти яратилади.
Бундай ёндашув контент ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва блогер иштирокисиз ҳам унинг образидан фойдаланиш орқали тижорий самарадорликни оширишга қаратилган.
Маълумот учун, Хаби Лейм TikTok платформасида 160 миллиондан ортиқ обуначига эга. Унинг турли ижтимоий тармоқлардаги жами аудиторияси эса тахминан 360 миллион нафарни ташкил этади. Мутахассислар фикрича, ушбу битим инфлюенсерлар бозорида интеллектуал мулк ва рақамли шахс ҳуқуқларининг янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.





