add

ASUS смартфон ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда

23.01.2026 | 10:542 daqiqa

Ақлли телефонлар бозорида рақобат кучайиши ортидан йирик бренд стратегик қарор қабул қилди, бу эса компаниянинг келгуси йўналишларини тубдан ўзгартириши мумкин.

ASUS смартфон ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда

Ақлли телефон бозорида рақобат кескинлашиб, фойда маржалари қисқараётган бир пайтда йирик технологик компаниялар ўз стратегияларини қайта кўриб чиқмоқда.

Ана шундай шароитда «ASUS» 2026 йилдан бошлаб янги смартфон моделларини ишлаб чиқармаслигини эълон қилди. Бу қарор ишлаб чиқариш харажатларининг ошиб бориши, истеъмолчилар талабидаги ўзгаришлар ҳамда бозордаги босим билан боғлиқ экани қайд этилди.

Компания раҳбарияти бу қадамни бозордан чиқиш эмас, балки ресурсларни янада самарали соҳаларга йўналтириш сифатида баҳоламоқда. «ASUS»га кўра, смартфон сегменти айниқса ўрта ва қуйи тоифада тобора кам даромадли бўлиб бормоқда. Шу сабабли компания узоқ муддатли барқарор ўсиш учун устувор йўналишларни қайта белгилашга қарор қилган.

Стратегик бурилиш

«ASUS» бошқарув кенгаши раиси Жонни Шиҳ Тайпейда, «Taipei Nangang Exhibition Center»да ўтказилган махсус тадбирда ушбу қарорни расман маълум қилди. Унинг таъкидлашича, 2026 йил давомида янги смартфон тақдим этилмайди ва бу вақтинчалик чора ҳам эмас.

Шиҳнинг сўзларига кўра, «ASUS» ресурслари ва илмий-тадқиқот сармоялари эндиликда корпоратив компютер ечимлари, робототехника, ақлли кўзойнаклар ва жисмоний сунъий интеллектга асосланган технологияларга йўналтирилади. Компания ушбу сегментларда қўшимча қиймат юқори бўлган маҳсулотлар орқали ўсишга эришишни мақсад қилган. Бу эса «ASUS»нинг анъанавий истеъмол электроникасидан юқори технологияли ечимлар томон бурилаётганини англатади.

Фойдаланувчилар учун кафолат

Компания смартфон ишлаб чиқаришни тўхтатишига қарамай, мавжуд мижозларни қўллаб-қувватлаш давом этишини билдирди. «ASUS» бозорда мавжуд барча смартфон моделлари учун техник хизмат, дастурий янгиланишлар ва кафолат доирасидаги хизматлар сақлаб қолинишини маълум қилди.

Раҳбарият таъкидлашича, бу қарор амалдаги фойдаланувчиларга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. Сотувдан кейинги хизматлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилади, дастурий таъминот янгиланишлари эса белгиланган режа асосида чиқарилади.

Teglar

Mavzuga oid