
Экология қўмитаси нега ҳаво сифати яна ёмонлашганини изоҳлади
Маълумотларга кўра, сўнгги кунларда шамолнинг йўқлиги ҳарорат инверсияси ва туман Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳаво ифлосланишини кескин оширган.

2025 йил 29–30 январ кунлари Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан Тошкент шаҳрида ҳаво сифати сезиларли даражада ёмонлашди. Бу ҳолат асосан ноқулай метеорологик шароитлар билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси расмий маълумот берди.
Қўмита мутахассислари таҳлилига кўра, ҳаво ифлосланишининг кучайишига шамолнинг йўқлиги ёки жуда паст тезлиги, шунингдек, ҳарорат инверсияси асосий омил бўлган. Инверсия пайтида совуқ ҳаво қатлами ер юзасига яқин жойлашиб, илиқ ҳаво юқори қатламларда сақланиб қолади.
«Натижада ҳавога чиқарилган майда дисперс заррачалар ер юзасининг қуйи чегараларида «қамалиб», шаҳар ҳавосида маълум муддат туриб қолган. Қўшимча равишда, тонгги соатларда туман кузатилиб, ҳаводаги майда аэрозоль заррачалари концентрациясини оширган. Туман вақтида атмосфера намлиги юқори бўлиши сабабли PM2.5 заррачалари ҳавода узоқроқ сақланиб, ифлосланиш даражаси янада ортади», — дейилади хабарда.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, 31 январ соат 09:00 ҳолатига Тошкентда PM2,5 нинг ўртача суткалик кўрсаткичи ҳар куб метр ҳаво учун 93 микрограммни ташкил этган. Бу рухсат этилган меъёрлардан 1,5 марта юқори. IQAir порталида эса Тошкент ҳаво сифати энг ёмон шаҳарлар рейтингидан олтинчи ўринни эгаллаб турибди.





