add

Қуёш панеллари ўрнатиш: имтиёзлар, субсидия ва паст фоизли кредитлар

Kecha 23:064 daqiqa

Ўзбекистонликлар учун электр энди арзон ресурс эмас. Аҳоли аллақачон қуёш панеллари ўрнатишни бошлаб юборган. Банклар бу учун имтиёзли давр билан кредит ҳам таклиф қилмоқда.

Қуёш панеллари ўрнатиш: имтиёзлар, субсидия ва паст фоизли кредитлар

Ўзбекистонда электр энергияси нархи 2024 йилда сўнгги йилларда илк марта кўтарилди. Ҳукумат томонидан электр энергияси истеъмоли учун табақалаштирилган тизим жорий қилинди.

Шундан бери энергия нархлари йилига камида бир марта оширилмоқда. Тарифлар ҳар йили инфляция даражаси доирасида, лекин 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда ошириб борилиши режа қилинган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар 200 кВт/соатлик лимит билан ҳисоблашишига тўғри келяпти. Бунинг устига, мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар ҳали ҳам содир бўлиб турибди.

Шундай шароитда қуёш панелларини ўрнатиш аҳоли учун ҳам, бизнес учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Қуёш панелларини Ўзбекистонда бир қатор йўллар билан ўрнатиш имконияти бор. Бозорда бу хизматни тақдим қиладиган бир қанча платформалар мавжуд. «OLX.uz» каби сайтларда ҳам талайгина эълонлар бор.

Хорижий маркетплейслардан чақиртириш энди фойдали вариант эмас. Сабаби ҳозирда курьерлик жўнатмалари орқали 200 долларгача бўлган маҳсулотларни божсиз олиб кириш мумкин. Қуёш панеллари эса аксарият ҳолларда бундан қиммат туради.

Мутахассислар қуёш электр станциялари нархига қараб 5 йилдан 10 йилгача даврда ўзини оқлашини таъкидлайди. Ўртача қурилма 20 йил атрофида ишлаб бера олиши инобатга олинса, бу иқтисодий жиҳатдан фойдали қарорга айланади.

Панелларни максимал самарадорлик учун жануб томонга йўналтириб, соясиз ҳудудга ўрнатиш тавсия қилинади.

Субсидия ҳам бор

Ҳукумат қарори билан аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш, энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш ва ўрнатишда субсидия ажратиш тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Унга кўра, аҳоли уй-жойларига энергия самарадор қурилма ва ускуналар энергия аудитори хулосаси асосида ўрнатилганда субсидия берилади.

Субсидия қуйидаги миқдорларда ажратилади:

  • аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш харажатларининг 100 фоизи миқдорида;

  • аҳоли уй-жойларига қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ҳамда бошқа маиший иситиш қозонлари, қурилма ва ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи миқдорида;

  • аҳоли уй-жойларига иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи миқдорида, бунда ушбу йўналишда ажратиладиган субсидия миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан (20,6 млн сўм) ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 апрелдан «Қуёшли хонадон» дастури доирасида хонадонга қуёш панелларини ўрнатган аҳолига қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.

Субсидияни «Soliq» мобил иловасининг «Кешбек ва имтиёзлар» хизматидаги «Қуёшли хонадон» бўлими орқали «Картага пул ўтказиш» ойнасида банк картасига ўтказиб олиш мумкин.

2025 йилда 45 381 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига узатилган қуёш энергияси учун 209 млрд 201 млн сўм давлат бюджети ҳисобидан субсидия олди.

Қандай имтиёзлар мавжуд?

Қуёш панелларини ўрнатиб, ундан фойдаланаётгани учун ўзбекистонликларга давлат томонидан бир қатор имтиёзлар берилган.

Бизнес эгалари умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланганда мол-мулк ва ер солиғидан белгиланган муддатга озод қилинади.

Бу қурилмалар орқали умумий тармоққа электр энергиясини реализация қилишдан олинган даромад учун фойда солиғи 0 фоиз ставкада қўлланилади.

Қуёш панелларидан фойдаланилганда аҳоли учун мол-мулк солиғи суммаси 2 БҲМдан (412 минг сўм), ер солиғи суммаси эса 1 БҲМдан ошмайдиган миқдорда камайтирилади.

Банклар кредит ҳам бермоқда

Ўзбекистонда бир қатор банклар томонидан қуёш панеллари ва қайта тикланувчи энергия манбалари учун паст фоизли «яшил» истеъмол кредитлари таклиф қилинмоқда.

Бу кредит қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган замонавий қозонлар, горелкалар, фильтрлар ҳамда чанғ-газ тозалаш қурилмаларини сотиб олиш учун берилади.

Қуйидаги банклар бундай кредит ажратмоқда:

Ҳамкорбанк — 20 фоиз;
Миқдори — 82,4 млн сўмгача;
Муддати — 3 йилга;
Телефон: 1340.

Асакабанк — 20 фоиз;
Миқдори — БҲМнинг 200 бараваригача (82,4 млн сўм);
Муддати — 5 йилга;
Телефон: 1152.

Агробанк — 20 фоиз;
Миқдори — 100 млн сўмгача;
Муддати — 3 йилга;
Телефон: 1216.

SQB — 20 фоиз;
Миқдори — 200 млн сўмгача;
Муддати — 5 йилга;
Телефон: 1180.

MKBank — 20 фоиз;
Миқдори — 206 млн сўмгача;
Муддати — 5 йилга;
Телефон: 1285.

Трастбанк — 20 фоиз;
Миқдори — БҲМнинг 200 бараваригача (82,4 млн сўм);
Муддати — 5 йилга;
Телефон: 1287.

Ипак Йўли банки — 20 фоиз;
Миқдори — 80 млн сўмгача;
Муддати — 5 йилга;
Телефон: 1296.

Капиталбанк — 24 фоиз;
Миқдори — 50 млн сўмгача;
Муддати — 5 йилга;
Телефон: 1340.

Банклар устига босиб, кредит ҳақида батафсил маълумот олиш ёки кўрсатилган қисқа рақамларга қўнғироқ қилиш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid