
Ҳужжатсиз уй-жойларга сўнгги “акция” — кадастр ходими билан суҳбат
Ўзбекистонда ҳужжатсиз ер участкаларини қонунийлаштириш бўйича хатлов ва ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари давом этяпти. Мазкур тадбирлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига амнистия эълон қилинган қонун доирасида амалга ошириляпти. Ортиқча ери борлар, хатловда ҳужжатларини топа олмаганлар нима қилади, чегараларга қандай аниқлик киритилади? Шу ва бошқа саволларга Кадастр агентлиги масъул ходими Баҳодир Мадяров жавоб берди.
Ҳудудларда 1998-йил 1-июлгача қадар ер участкалари чегаралари эгаллаб олингани аниқланса, 24 сотихгача, 2018-йил 1-майгача ер участкалари чегаралари эгаллаб олингани аниқланса, Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 12 сотихгача, туманларда эса 6 сотихгача ерларга ҳуқуқларини эътироф этиш кўзда тутилган. Ортиқча ери борлар нима қилади?
—Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ 737 сонли қонун ижроси юзасидан бугунги кунда хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Ҳудудларда ортиқча эгалланган ерлар бўйича фуқароларимиздан амалиётда ҳам саволлар жуда кўп учраяпти. Бундан олдин Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори билан умумдавлат акцияси эълон қилинган эди. Бу “акция” даври мобайнида, бу бир йиллик амал қилган бўлиб, фуқароларнинг мурожаатига асосан кўриб чиқиш белгиланган эди.
2018 йилда амалга оширилган бу бир марталик “акция” эди. Айнан мана шу қонунни ўша “акция”нинг узвий давоми деб қарасак ҳам бўлади. Сабаби, бу қонунда ҳам белгилаб қўйилган муддатлар 2018 йил 1 майгача қадар деб белгиланган. Айнан мана шу 2018 йил давр мобайнидан, ундан аввал қурилган даврдаги фуқароларимиз томонидан яшаб келаётган уй-жойига кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёки ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган уй-жойларига кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи кўрилади. Юртдошларимизнинг хавотирга тушишига ўрин йўқ. Ортиқча эгалланган ҳудудини, ўша ер майдонини қонуннинг ўзида белгилаб ўтган асосий ва қўшимча шартлари бор. Айнан ўша ортиқча эгалланган ҳудуд асосий эгаллаб турган ер участкасига туташ ҳудудда жойлашган бўлса, айнан ўша ер участкаси муқаддам электрон онлайн аукцион савдога чиқарилмаган бўлиши ва айнан ўша ер участкаси учун ер солиғи, унда қурилган бино-иншоотлари бўлса, мол-мулк солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги асосий шартлардан деб белгиланган. Мана шу хатлов жараёнида аниқланади ва қонуннинг 16 моддасига асосан муҳокамага киритилади. Қонуннинг 16 моддасида 18 дан ортиқ вазирлик, идораларнинг тизим ташкилотлари иштироки таъминланади. Яъни айнан ҳар битта вазирлик, идораси ўзининг ваколатидан келиб чиқиб, кўриб чиқади мана шуни. Муҳокамада мана шу нарсани ижобий деб топилганда, эътироф этиш масаласи кўрилади. Бунда энди ўша ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ҳам муддатлари белгиланган.
Дейлик, бир кишининг 20 сотих ери бор. 12 сотихгача рухсат этиляпти. 12 сотихдан ортиб қолган 8 сотихини нима қилади? Яъни, унга қанақа жавоб берилади, ўша 8 сотихни қонунийлаштириши мумкинми, қай тарзда қонунийлаштирилади?
—Бу ҳолат хатлов жараёнида аниқланади. Хатлов жараёнида ўша, айтайлик, қайсидир юртдошимизнинг амалдаги эгаллаб турган ер участкаси хатловдан ўтказилади. Яъни бунда амалда фойдаланиб турган барча ер майдони хатловдан ўтказилади ва умумий майдони тизимга киритилади ва муҳокама жараёнида кўриб чиқилади ва бунда қонунда белгилаб ўтилган ҳажмларда 99 йиллик ҳуқуқи билан, ижара ҳуқуқи билан ва ортиқча бўлган ҳудуди 49 йиллик ижара ҳуқуқи билан фуқаронинг ўзига томорқа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фуқаронинг ўзига бириктириб бериши қонунда белгилаб ўтилган.
Юртдошларимизнинг хавотирга тушишига ўрин йўқ. Ортиқча эгалланган ҳудудлар, худди юқорида ҳам таъкидлаб ўтилгандай, қонуннинг асосий ва қўшимча шартларига риоя этилган бўлса, ўзларига бириктириб бериш масаласи кўрилади.
1998-йилгача, 2018-йилгача ҳақида гапириляпти, мазкур муддатлар ер участкаси эгаллангани ёки уй қурилганига қарайдими? Нимага боғлиқ?
—Бу қонуннинг айнан биринчи моддасида айтиб ўтилганидай, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган, лекин доимий яшаб турган шахсларга айнан ўша фуқароларимиз томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига, унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, айнан бу ўша фуқаронинг ўша ер участкани ўзлаштирилганлиги, уй-жой қурилганлиги факти бўлиши керак бўлади. Бунда эътироф этилаётганда айнан уй-жой қурилганлиги ҳолатидан келиб чиқиб, хатлов ишлари амалга оширилади. Қонунда хатлов ишлари айнан қайси участкаларга, ер участкаларига хатлов ишлари амалга оширилиши бу тоифаланган. Саккизта ҳолатдаги ер участкалари танлаб олинган, учта ҳолатдаги объектларга хатлов ишлари амалга оширилмайди. Яъни бунда давлат мулки бўлган объектларга, кўп қаватли тураржойларга, учинчи ҳолатимиз, бўш турган ер участкаларида хатлов ишлари амалга оширилмайди. Яъни бундан кўриниб турибдики, айнан ўша сиз эгаллаган ер участкада уй-жой қурилганлик факти бўлиши керак бўлади. 2018-йилгача ўша ер участкасида уй қурилган бўлиши керак.
Хатлов ишларида бирор ҳужжат топа олмаганлар нима қилади? Яъни ҳудудга 2018-йилгача уй қурган, лекин ўша илгари ҳоким қарори ёки собиқ иттифоқ даврида чиққан қарорлар бор, лекин ҳозир топа олмаяпти. Улар нима қилади?
—Бундай ҳолатда қонуннинг 13 моддасида белгилаб ўтилган, ҳар йилги режа-жадвал тасдиқланиши ва бу режа-жадвал маҳаллий ҳокимликларнинг таклифига кўра, Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланиши белгиланган. Хатлов ишлари айнан мана шу аввалги акцияда бежизга айтилмади, аввалги акцияда фуқаро мурожаати талаб этиларди. Қайси ҳудуддан мурожаат келиб тушса, мурожаат асосида борилганди. Бу қонунда асосий жиҳатидан бири ҳам шундаки, бу ялпи хатлов. Ҳозир сиз айтган ҳолат ва бошқа ҳолатлар ҳам қонунда саккизта ҳолатни танлаб олиш учун ҳам ялпи хатлов бўлади. Ҳар битта ер участкасига кадастр агентлигининг мана бугунги кунда кечаги кундузда хатлов ишлари амалга ошириляпти бизнинг ходимларимиздан. Мана шу қонун ижроси юзасидан хатловга 4 500 дан ортиқ ходимларимиз жалб қилинган. Ҳар битта ер участкасига хатлов ишлари амалга оширилган жараёнда сиз юқорида таъкидланган ҳолат ҳам, кадастр ҳужжати мавжуд объектлар ҳам хатловдан ўтказилади. Сабаби, бунда кадастр ҳужжати мавжуд бўлиб, ортиқча эгалланган ҳудуд бўлиши мумкин ёки бўлмасам, бугунги кунгача қадар ҳеч қандай бизнинг Кадастр агентлиги маълумотлар базасида ҳам мавжуд бўлмаган объектлар бўлиши мумкин. Янги аниқланган ҳолатлар. Мана шу ҳолатларни барчасини аниқлаш учун ялпи хатлов бўлади.
Одамлар эътироф тизимига кириб, 2026-йилга киритилган хатлов қилинадиган маҳаллалар рўйхатидан ўз маҳалласини топа олмади. Уларнинг ўзлари кадастрга ёзма мурожаат қилиб, ер участкасини хатлов қилдира оладими? Қўшимча тўлови бўлса ҳам
—Бугунги кунда амалиётда иккита ҳолатимиз бор-да бундай. Агар юртдошимизнинг умуман кадастр ҳужжати йўқ ва маълумотлар базамизда мавжуд эмас объект бўладиган бўлса, йўқ, бунда фақат режа-график ўша тасдиқланган бўлади. Айнан ўша маҳалласи қачон режа-жадвалга тасдиқланган бўлса, айнан ўша ойларда хатлов ишлари амалга оширишини кутишга тўғри келади. Йўқ, агар буни фуқаромиз, юртдошимиз бошқа ҳолатдаги кадастр ҳужжати бор бўлиб, бошқа хизматларни амалга оширмоқчи бўлса, йўқ, бунда Давлат хизматлари марказига ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиш ваколатига эга.
Қонуннинг ўзида ҳам белгилаб ўтилган. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишда халқ депутатларининг кенгашининг қарорлари билан тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланган. Айнан мана шу қарорда, қабул қилинишида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар мулк ҳуқуқи билан, ерга бўлган ҳуқуқлар ижара ҳуқуқи билан эътироф этилиши белгиланган. Ижара ҳуқуқи энди юртдошларимизда савол туғилиши мумкин, қанақа муддатларда, ижара бу энди худдики бировникиман, ўз уйимда ижарачи бўлиб қолдимми, деган тушунча бўлиши мумкин. Йўқ, бунда якка тартибдаги уй-жойлар учун 99 йиллик ижара ҳуқуқи эътироф этилади. Ортиқча эгалланган ҳудуд ёки бошқа тоифадаги ер участкалари учун 49 йиллик ижара ҳуқуқлари эътироф этилиши қонун билан белгилаб қўйилган. Бунда энди фақат ижара билан қолиб кетиши мумкинми деб ўйлаб қолиши мумкин фуқароларимиз. Йўқ, бунда Вазирлар Маҳкамасининг 71-сонли қарорига асосан ўша ер участкаларини хусусийлаштириш имкони ҳам мавжуд.
Иккита ёнма-ён қурилган уй бор, чегара қилинмаган. Улар қандай чегаралаб берилади? Чегаралар бўйича қўшнилар низога боришининг олди қандай олинади?
—Ер кодексининг 30-31 моддасига асосан ер участкасининг ўзлаштирилганлиги факти бўлиши керак, деб ўтилган бўлса, айнан бу сим тўсиқлар биланми, қанақадир панжаралар биланми ёки девор биланми чегара ўрнатилган бўлиши керак. Айтайлик, энди ўрнатилмаган бўлса, айрим ҳудудларда шунақа ҳолат учраса, хатлов жараёнида бизнинг мутахассисимиз жойига борганда икки қўшнининг ўртасида қўшнилар далолатномаси, яъни бу хатлов ишларини амалга оширганда қўшниларнинг гувоҳлигида, иштирокида ўлчанади ва амалга оширилади. Бир-бирига чегарадош қўшни сифатида чегара келишуви далолатномасига имзо чекиб беради ва уни маҳалла тасдиқлаб беради. Низоларни олдини олиш масаласи мана шундай кўрилади.
Ҳозиргача қанча объект хатловдан ўтказилди, қанча маҳалла чегараларига аниқлик киритилган, нечта объект “Эътироф” тизимига киритилган?
—Республикамизда 9 000 дан ортиқ маҳалла мавжуд бўлиб, қонуннинг ижроси юзасидан 5 000 га яқин бўлган маҳаллаларнинг чегаралари тасдиқланди ва аниқлик киритилди. 1 миллиондан ортиқ бўлган ер участкалари хатловдан ўтказилди ва қонуннинг 16-моддасига асосан “Эътироф” тизимига 430 мингдан ортиқ бўлган кўчмас мулк объектлари муҳокама жараёнига ўтказилди. Яъни бунда 400 мингдан ортиқ бўлган кўчмас мулк объектларини вазирлик-идораларнинг тизим ташкилотлари томонидан муҳокама жараёнида кўриб чиқилмоқда. Якунига келадиган бўлсак, бугунги кунда Республикамизда қонуннинг ижроси юзасидан 36 мингдан ортиқ юртдошларимизга Халқ депутатлари вилоят кенгашларининг қарорлари билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинди. Бундан фуқароларнинг мурожаатига асосан 6 000 га яқин кўчмас мулклар, ўша айнан қонун ижроси бўйича эътироф этилган юртдошларимизга 6000 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди.
Интервюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Журналист Бахтиёр Тўхтаев суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов
Теглар:
Teglar






