
Қиммат авиачипталар: Ўзбекистон авиабозорида нега рақобат йўқ?
2025 йилда авиақатновлар ўсган бўлса-да, қиммат авиачипталар ва ёпиқ бозор Ўзбекистонда самолётни оммавий транспортга айлантиришни тўхтатиб турибди.

2025 йилда Ўзбекистон аэропортлари 15,5 млн нафар йўловчига хизмат кўрсатди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 15 фоизга кўп.
Солиштириш учун, 2024-йилда йўловчи ташиш ҳажми 33 фоизга ўсган эди. Кўриниб турибдики, ўсиш суръати йилдан йилга сезиларли даражада секинлашган ва бу, асосан, халқаро рейслар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Халқаро рейслар: ўсиш бор, аммо драйвер йўқ
Йил давомида халқаро рейсларда 12,7 млн нафар йўловчи ташилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 15,3 фоизга кўп. Халқаро қатновлар умумий йўловчи ташиш ҳажмининг 82 фоизини ташкил этган.
Бироқ ушбу сегмент олдинги йиллардаги каби авиақатнов бозорининг асосий «драйвери» бўла олмаяпти. Бунга сабаб сифатида авиатипталарнинг қимматлиги, рақобатнинг чеклангани ва ёқилғи билан боғлиқ манфаатларни кўрсатиш мумкин.
Жумладан, Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган элчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқотда туризм соҳасидаги тадбиркор Ўзбекистонга авиатипта нархларининг қимматлигини очиқчасига танқид қилган эди.
Унинг таъкидлашича, лоукостер авиакомпаниялар йўқлиги сабаб Ўзбекистонга парвозлар 700–900 доллар атрофида шаклланмоқда. Холбуки, масалан, Гуржистонга дам олиш кунлари учун саёҳат қилиш 50–100 доллар доирасида бўлиши мумкин. Мазкур учрашув чоғида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ушбу масалани ҳукумат комиссияси доирасида кўриб чиқишга ваъда берган.
Авиачипта нархлари масаласи «Аввал иқтисод…» дастурида ҳам кўтарилиб, иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолат нафақат маҳаллий истеъмолчилар, балки Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижий туристлар учун ҳам жиддий тўсиқ бўлаётганини қайд этди.
«Европадан Тошкентга келиш 700–800 доллардан юқори бўлади. Бу фақат бир томонга ҳисобланадиган нарх. Бориб-келиш эса 1500 долларга тушади. Европалик бу пулга Тунисга, Туркияга ёки Гуржистонга бориб, бир ҳафта ёки ўн кунлик пакетда дам олиб келади. Яъни, биз нафақат ўз бозоримизни ёпиб қўйиб, ўзбекистонликларни жазолаяпмиз, балки ёндош сегментларни, хусусан, туризмни ҳам жазолаяпмиз», — дея Бакиров лоукостерлар учун бозор ёпиқлигини танқид қилди.
Шунингдек, у темирйўл хизматлари томонидан ҳар йили одатга айланиб қолган тарифларнинг оширилиши ва бунинг ортидан авиачипта нархларининг ҳам қимматлашиб боришини тилга олиб, бунни «тил бириктириш» сифатида изоҳлади.
Маълумот учун, 1-февралдан Ўзбекистонда барча йўловчи поезд чипталари 15 фоизга ошди. Шунингдек, шу вақтдан бошлаб «Silk Avia» ҳам Ўзбекистон бўйлаб авиачипта нархларини оширди. Бунда нархлар умумий ҳисобда 7,5 фоизга кўтарилган.
Ички рейслар: энг оғриқли нуқта
Ички рейслар масаласи Ўзбекистон авиақатнов бозорида аллақачон «оғриқли нуқта»га айланган. 2025 йилда ички рейсларда атиги 2,8 млн нафар йўловчи ташилган бўлиб, ўсиш 12,8 фоизни ташкил этди.
Маълумот учун, 2025 йилда ички авиақатновлар 56,9 фоизга қимматлашган ва нархлар ўсиши бўйича етакчи учта маҳсулот ва хизмат қаторига кирган.
Хусусан, Ўзбекистонда вилоятлар ўртасидаги масофа узоқ бўлишига қарамай, ички авиақатновлар аҳолининг кундалик эҳтиёжига айланмаган. Амалда эса узоқ ҳудудлардан пойтахтга қатновда самолёт эмас, автомобил афзал кўрилмоқда. Негаки қолган барча транспорт турларининг таннархи оддий халқ учун қимматлик қилади.
Бу ҳолат «Аввал иқтисод…» дастурида ҳам алоҳида танқид қилинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров таъкидлашича, Ўзбекистон ичида «А» нуқтадан «В» нуқтага парвоз қилиш Европада шунга ўхшаш масофага учишдан бир, баъзан икки-уч баробар қимматга тушмоқда.
Унинг фикрича, Хоразм, Қорақалпоғистон ёки Сурхондарёдан Тошкентга аҳолининг автомобил орқали қатновни афзал кўриши ҳам айнан шу билан боғлиқ. Самолётда учиш жуда қиммат бўлиб, бу ҳолат доимий равишда авиаёқилғи нархлари билан изоҳланиб келинмоқда.
Бакировнинг қайд этишича, муаммони ҳал этиш йўлларидан бири сифатида ҳукумат даражасида лоукостер авиакомпанияларни жалб қилиш зарурлиги ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ амалда ушбу авиакомпаниялар Ўзбекистон бозорига кира олмаяпти. Ҳолбуки, лоукостерлар мамлакат чегаралари яқинида фаолият юритмоқда. Масалан, Қирғизистонда лоукостерлар бозорга киритилгани сабаб Ўш орқали учиб, кейин бошқа йўналишларга парвоз қилиш икки баробар арзон тушмоқда.
Қозоғистон тажрибаси: очиқ бозор қандай ишлайди?
2025 йилда Қозоғистон аэропортлари орқали 31,8 млн нафар йўловчи ташилган. Бу Ўзбекистон кўрсаткичидан 2,05 баробар кўп демакдир. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, Қозоғистонда ҳар бир фуқаро ўртача 1,6 марта ҳаво транспортдан фойдаланган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич атиги 0,4 мартага тенг.
Содда қилиб айтганда, Қозоғистонда одамлар Ўзбекистонга нисбатан икки баробар кўп учади, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса самолётдан фойдаланиш даражаси қарийб тўрт баробар юқори.
Юк ташиш ҳажмлари ҳам сезиларли фарқ қилади: Қозоғистон аэропортлари орқали 173,3 минг тонна юк ташилган бўлса, Ўзбекистон аэропортлари орқали бу кўрсаткич 98,3 минг тоннани ташкил этган.
Қозоғистон авиабозорида рақобатнинг юқори даражада экани хорижий авиакомпаниялар улушида ҳам яққол кўринади. Мамлакат аэропортлари орқали ташилган йўловчиларнинг 52 фоизи, яъни 16,4 млн нафари хорижий авиакомпаниялар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса мамлакатнинг 17 та аэропортида «очиқ осмон» режими жорий этилгани билан изоҳланади.
Бу режим илк бор 2019 йилда жорий қилинган бўлиб, унинг амал қилиш муддати 2027 йил охиригача узайтирилган. Шунингдек, «бешинчи ҳаво эркинлиги» Қозоғистоннинг барча йирик аэропортларида, хусусан, Остона, Олмаота ва Чимкент аэропортларида ҳам амал қилади. Бу омиллар парвозлар сонини ошириб, нархлар шаклланишида рақобатни кучайтирган.
Муаммонинг илдизи қаерда?
«Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров авиачипта нархларининг кескин қиммат бўлиши ортида битта асосий омил борлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, жуда қиммат чипталарнинг илдизи сунъий равишда қимматлаштирилган авиаёқилғи билан боғлиқ. Бу ҳолат камдан-кам мамлакатларда учрайди ва, афсуски, Ўзбекистон ана шундай давлатлар қаторига киради.
Бакировга кўра, айнан авиаёқилғи бозори билан боғлиқ манфаатлар лоукостер авиакомпанияларнинг Ўзбекистон бозорига киритилмаслигидаги асосий тўсиқлардан биридир. Чунки лоукостерлар фақат арзон чипталар эмас, балки ўзлари билан бирга арзон ёқилғи ва қатъий харажат интизомини ҳам олиб киради. Бу эса мавжуд нарх тизимини издан чиқариши мумкин.
Иқтисодчи лоукостерлар кириши маҳаллий авиакомпаниялар учун хавф туғдиради деган қарашни ҳам асоссиз деб ҳисоблайди. Унинг мисолига кўра, Туркияда бир вақтнинг ўзида ҳам лоукостерлар, ҳам «Turkish Airlines» муваффақиятли фаолият юритмоқда. Рақобат миллий авиакомпаниянинг бозор улушини йўқотишига эмас, балки бозорнинг умумий кенгайишига олиб келади.
Бакировнинг ҳисобича, ҳозир Ўзбекистонда йилига 15 млн нафар йўловчи учаётган бўлса, лоукостерлар киргандан сўнг авиабозор ҳажми 30 млн нафаргача етиши мумкин. Бу ҳолатда миллий авиакомпаниянинг ҳозирги мижозлари камаймайди, аксинча, янги, илгари самолётда уча олмаган қатлам ҳисобидан бозор кенгаяди.
Шунга қарамай, бу йўл танланмаётганининг сабаби сифатида тор манфаатлар кўрсатилади. Хусусан, авиайоқилғи билан боғлиқ манфаатлар рақобатли бозор шаклланишига тўсқинлик қилмоқда. Натижада, маҳаллий авиакомпаниялар қиммат ёқилғи сабаб ички қатновларга ҳам қизиқмайапти, чунки биргина рейснинг ўзиёқ харажатларни кескин ошириб юборади.
Иқтисодчининг фикрича, айнан шу омиллар ички рейслар сустлиги, лоукостерларнинг йўқлиги ва авиачипта нархларининг юқорилигини бир занжирга боғлаб қўймоқда.
Мутасаддилар нима дейди?
Spot нашрининг хабар беришича, Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов авиачипта нархлари бўйича расмий изоҳ берди. У бу ҳақда 28-январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.
Қайд этилишича, ўтган йилда авиакомпания самолётларининг ўртача тўлдирилиш даражаси 80 фоизни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич раҳбарият томонидан мавжуд талаб ва тариф сиёсатининг бозор шароитларига мослиги билан изоҳланмоқда.
Худайқуловнинг таъкидлашича, мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги авиачипта нархлари меъёр доирасида шаклланган ва бошқа авиакомпаниялар тарифларига нисбатан рақобатбардош ҳисобланади. Унинг фикрича, агар нархлар рақобатбардош бўлмаганида, авиация бозори ҳозирги даражада ривожланмаган бўларди.
Шунингдек, у Ўзбекистон авиация бозорида рақобат мавжудлигини қайд этди. Хусусан, «Uzbekistan Airways» ва унинг шуъба корхонаси «Silk Avia»дан ташқари, «Centrum Air», «Qanot Sharq» ва «Fly Khiva» маҳаллий авиаташувлар билан шуғулланади. Ҳар бир халқаро йўналишда бошқа ташувчилар томонидан ҳам муайян даражада рақобат мавжуд.
Авиакомпания раҳбарининг сўзларига кўра, ташувчи бозор талабини ҳисобга олмасдан авиачипта нархларини мустақил белгилай олмайди. Шу билан бирга, у яқин икки-уч йил ичида бозордаги вазият ўзгариши мумкинлигини ҳам билдирди.
«Мен ҳозир рейслар етарли ёки авиачипта нархлари ҳаммага мос келади, деб айта олмайман. Бироқ биз бу йўналишда ишлаяпмиз. Менинг фикримча, масалага комплекс ёндашиш лозим: бозорда ва ҳар бир йўналишда рақобат мавжуд», — дея таъкидлади Uzbekistan Airways раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025-йил март ойида Шуҳрат Худайқулов президентнинг чипталар нархини оширмаслик ва нархларни шакллантириш жараёнини назорат қилиш бўйича топшириғи ҳақида гапирган эди.
Май ойида эса Рақобат қўмитаси Ўзбекистондаги йўловчи авиакомпанияларини сунъий равишда авиачипталар тақчиллигини яратганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.
Ҳозирги вазиятда Ўзбекистонда самолётда учиш қиммат ва кўпчилик учун «бойлар хизмати»га айланиб улгурди. Шу боис одамлар узоқ масофаларда ҳам машина ёки автобусни танлашга мажбур бўляпти, бу эса туризм суръатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолатни ўзгартириш учун мураккаб қарорлар шарт эмас — авиабозорни лоукостерлар учун очишнинг ўзи етарли. Рақобат пайдо бўлса, нархлар пасаяди, рейслар кўпаяди ва самолёт оддий одам учун ҳам анъанавий транспортга айланади.
Teglar






