add

«Геосиёсат «айиқча» трендини ниқобламоқда»: нефт ярим йилдаги энг ёмон пасайишни бошдан кечирди

Kecha 14:153 daqiqa

Бугун, 2 феврал куни нефт нархида охирги олти ойдан ортиқ вақт ичидаги энг катта бир кунлик пасайиш бўлди.

«Геосиёсат «айиқча» трендини ниқобламоқда»: нефт ярим йилдаги энг ёмон пасайишни бошдан кечирди

Бугун, 2 феврал куни нефт нархлари бир пайтнинг ўзида 5 фоиздан ортиққа тушиб кетди. Бу охирги олти ойдан ортиқ вақт ичидаги энг катта бир кунлик пасайиш бўлди. Бу ҳақда «Seeking Alpha» хабар берди.

Инвесторлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон Вашингтон билан ядровий келишув бўйича «жиддий музокаралар» олиб бораётгани ҳақидаги хабарларига шу тарзда реакция қилди. Бу АҚШ ва ОПЕК аъзоси бўлган Эрон ўртасидаги можаро эҳтимолий деэскалациясининг сигнали сифатида қабул қилинмоқда.

2 феврал куни «Brent» маркали нефти фючерслари бир пайтда 5,3 фоизга пасайиб, бир баррели 65,66 долларга тушди. WTI маркали нефти эса 5,5 фоизга арзонлаб, 61,62 долларга тушди.

Иккала контракт ҳам кўп ойлик максимумлардан кескин пасайди. Ҳали 29 январ куни Трампнинг Эронга нисбатан ҳарбий таҳдидлари фонида «Brent» фючерслари 2025 йил сентябридан бери илк бор 70 доллардан юқори баҳоланган эди. WTI эса 65 доллар даражасига чиқиб, тўрт ойлик максимумга етган.

Таҳлилчилар нима дейди?

«Reuters»га изоҳ берган «Phillip Nova» таҳлилчиси Приянка Сачдевага кўра, Трампнинг геосиёсий таҳдидлари бутун январ давомида нефт нархларини қўллаб-қувватлаб келган.

«Нефт нархларининг пасайиши АҚШ долларининг мустаҳкамланиши билан янада кучайди. Бу эса долларда баҳоланадиган нефтни АҚШдан ташқари харидорлар учун қимматроқ қилади ва нархларга қўшимча босим ўтказади», – деди у.

«IG» трейдинг платформаси таҳлилчиси Тони Сикаморнинг таъкидлашича, бозор Трампнинг баёнотлари ҳамда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари Ормуз бўғозида жонли ўқ отиш машқларини ўтказишни режалаштирмаётгани ҳақидаги хабарларни можарони юмшатишга қаратилган «умидбахш қадам» сифатида қабул қилган. Унинг сўзларига кўра, бу ўтган ҳафтаги ралли давомида нефт нархига қўшилган «геосиёсий устама»ни камайтириб, фойдани фиксация қилишни рағбатлантирди.

«Capital Economics»нинг 30 январдаги таҳлилий қайдномасида «геосиёсий хавфлар нефт бозорида аслида мавжуд бўлган «айиқча» трендини ниқоблаб келмоқда», деб таъкидланган. Экспертлар ўтган йилги Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик уруш мисоли ҳамда нефт бозорида таклифнинг етарли экани 2026 йил охирига келиб «Brent» нархларига босим ўтказишда давом этишини қайд этган.

Қайд этиш жоиз, «айиқча тренди» бу муайян активга нисбатан пасайиш йўналишидаги тренддир. «Айиқлар» бозор қулаши давом этади, деб ҳисоблайди. Узоқ муддат давомида пастга йўналган, нархлар изчил равишда тушиб бораётган бозор «айиқча бозор» деб аталади.

«ANZ» таҳлилчилари ҳам Трамп риторикасидаги «яққол ўзгариш» нефт таъминотида узилишлар бўлиши ҳақидаги хавотирларни пасайтирганини таъкидлади.

«Бу АҚШнинг минтақадаги ҳарбий ҳузури ошиб бораётганига қарамай, нефт нархларидаги айрим устамаларни камайтирди», – дейилади уларнинг изоҳида.

Шу билан бирга, таҳлилчилар «АҚШ ва Эрон ўртасидаги таранглик барибир юқори даражада қолмоқда», деб қўшимча қилган.

Бундан ташқари, «ANZ»да қайд этилишича, «бозор дам олиш кунлари бўлиб ўтган OPEC йиғилишини ҳам ёдда тутмоқда». Унда OPEC+ аъзолари март ойида нефт қазиб олиш ҳажмларини ўзгартирмасликка келишиб олди. Ўтган йил ноябр ойида ҳам гуруҳ мавсумий талаб пасайиши сабабли 2026 йил январ–март ойларига режалаштирилган ишлаб чиқаришни оширишни музлатган эди.

29 январ куни нефт нархлари Трампнинг Эрондан ядровий келишув тузишни талаб қилган баёнотлари фонида кўп ойлик максимумларга чиққан эди. АҚШ президенти Теҳрон масалани ҳарбий йўл билан ҳал этишга тайёр туриш кераклигидан огоҳлантирган эди.

Teglar

Mavzuga oid