add

Зеленский асосий баҳсли ҳудудлар масаласида Путин билан учрашувга тайёр

Bugun 08:372 daqiqa

Украина президенти ҳудудлар ва Запорижжя АЭС назорати бўйича келишув учун Путин билан бевосита учрашишга тайёрлигини маълум қилинди.

Зеленский асосий баҳсли ҳудудлар масаласида Путин билан учрашувга тайёр

Украина президенти Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан шахсий учрашув ўтказишга тайёр. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига «Европейская правда»га берган интервьюсида маълум қилди. Вазирнинг айтишича, бундай учрашув ҳудудлар масаласи ва Запорижжя атом электр станцияси устидан назорат каби ҳал этилмаган асосий нуқталарни муҳокама қилиш учун зарур.

«Айнан шу масалаларни ечиш учун президент Путин билан учрашувга тайёр», — деди Сибига.

Ушбу икки масала тинчлик жараёни доирасида ҳали ҳам келишилмаган ҳолатда қолмоқда. Шу билан бирга, вазир Россия ташқи ишлар вазири билан алоҳида учрашув ўтказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаслигини билдирди, чунки амалдаги музокара гуруҳларидан ташқари «параллел треклар» яратиш шарт эмас.

 

Музокаралар динамикаси

Сибиганинг маълум қилишича, музокаралар давомида ўт очишни тўхтатиш шартлари, шунингдек, эҳтимолий сулҳни мониторинг қилиш ва верификация қилиш механизмлари бўйича предметли муҳокамалар ўтказилган. Ушбу жараён 23–24 январ кунлари Абу Дабида бўлиб ўтган Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги илк уч томонлама консултациялардан сўнг фаоллашган.

Учрашувда иштирок этган АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф музокараларни конструктив деб баҳолади ва томонлар мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади. Кейинги учрашув 1 февралга белгилангани маълум қилинди. Украина томони ҳам ушбу маслаҳатлашувларни мазмунли деб атади.

 

Ҳудудлар масаласи очиқ қолмоқда

Зеленскийнинг сўзларига кўра, музокаралар давомида ҳарбий ва сиёсий масалаларни қамраб олган 20 пунктли тинчлик режаси батафсил муҳокама қилинган ва баҳсли нуқталар сони қисқарган. Бироқ ҳудудлар масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда: Россия Донбассни тўлиқ ўз назоратига олишни талаб қилмоқда, ҳолбуки бу ҳудудни тўрт йиллик уруш давомида тўлиқ эгаллай олмаган.

Аввалроқ Путин Зеленский билан учрашувга тайёрлигини билдирган, аммо уни Москвада ўтказишни таклиф қилган эди. Украина президенти эса бундай форматни рад этиб, учрашувни Киевда ўтказишни таклиф қилди.

Киев расмийларига кўра, Россия томонининг бундай таклифлари АҚШ учун мулоқотга тайёрлик кўрсатишдан бошқа мақсадни кўзламайди. Шу билан бирга, Москва Зеленскийнинг легитимлигига шубҳа билдириб келади, Украина эса уруш шароитида сайлов ўтказиш Конституция билан тақиқланганини таъкидлайди.

Teglar

Mavzuga oid